Logo

Ўзбекистон U-17 терма жамоасининг оламшумул ютуғи бутун Марказий ва Жанубий Осиё футбол жамоатчилиги учун кучли илҳом манбаи бўлди

Апрель 24, 2025. 07:07 • 3 дақ

52
Ўзбекистон U-17 терма жамоасининг оламшумул ютуғи бутун Марказий ва Жанубий Осиё футбол жамоатчилиги учун кучли илҳом манбаи бўлди

ИСЛОМОБОД, 24 апрель. /"Дунё" АА/. Покистон оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда ҳаётнинг турли жабҳаларида қўлга киритилаётган оламшумул ютуқлар ва эришилаётган натижаларни доимий равишда ёритиб келмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Хусусан, ушбу мамлакатнинг "Diplomatic News Agency – DNA" ахборот агентлиги "The Diplomatic Insight" ва "Pakistan in the World" журналлари, "Pakistan Observer" ва "Islamabad Post" каби газеталар ҳамда "The Gulf Observer", "The Europe Today" ва "World News" онлайн порталларида футбол бўйича Ўзбекистон U-17 терма жамоасининг Осиё кубогини  қўлга киритгани тўғрисида туркум мақолалар эълон қилинди.

Покистон нашрлари "Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасини жасорат ва бирдамлик рамзи дея эътироф этиб, финал баҳсидаги ёш спортчиларимизнинг қозонган ғалабасини юксак баҳолаган.

Мақолаларда икки нафар футболчиси майдондан четлатилганига қарамасдан, 9 киши билан мезбон Саудия Арабистонини 2:0 ҳисобида мағлуб этгани Ўзбекистон терма жамоасининг руҳий тайёргарлиги кучли эканлиги, жамоавий ўйин ва мураббийлар штабининг юксак даражасидан далолат бериши таъкидланган.

Покистон ОАВ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев футбол бўйича ўн етти ёшгача бўлган мамлакат терма жамоаси аъзоларини Осиё кубогини қўлга киритгани билан табриклагани алоҳида урғулаган.

"Сизлар каби навқирон, азму шижоатли ёшларимизнинг бутун турнир давомида биронта ҳам мағлубиятга учрамасдан, рекорд натижа кўрсатиб, жонажон Ватанимиз шарафини мардона ҳимоя қилганлари, ҳеч шубҳасиз, миллий футболимиз тарихига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган шонли воқеа, десак, тўғри бўлади. Айниқса, финалда мусобақа мезбони – Саудия Арабистони каби ғоят кучли жамоага қарши кескин беллашувда турли босимларга қарамасдан, ўн бир ўйинчига қарши тўққиз футболчи шиддатли кураш олиб борганингиз чинакам жасорат ва матонат намунаси бўлди. Сизлар намоён этган юксак мардлик ва маҳорат ҳар қандай таҳсинга сазовордир.

Эл-юртимиз сизларнинг тимсолингизда доимо олдинга интилиб яшайдиган, юксак марраларни забт этишга қодир Янги Ўзбекистон ёшларининг энг ёрқин вакилларини кўради ва сизлар билан ҳақли равишда фахрланади", – дея давлатимиз раҳбари табригидан иқтибос келтирилган мақолаларда.

Шунингдек, нашрлар Ўзбекистон Президенти терма жамоа мураббийси Исломбек Исмоилов ва 23 нафар ёш спортчиларни Ватанимизнинг юксак мукофотлари тақдирлагани ҳақидаги маълумотларни муштарийлар эътиборига тақдим қилган.

Покистон ОАВ ва спорт шарҳловчиларига кўра, Ўзбекистон U-17 терма жамоасининг ушбу ютуғи нафақат футбол, балки мамлакатда олиб борилаётган ёшлар сиёсати соҳасидаги улкан натижа, ёшлар спортига қаратилган эътибор ва сармоя самарасидир.

Бундан ташқари, мақолаларда Ўзбекистон ўсмир терма жамоасининг мусобақа давомида кўрсатган натижалари – турнир давомида мағлубиятсиз серия намойиш этгани қайд этилган. Драматик тарзда ўтган финал ўйини эса "Марказий Осиё футболининг қайта тирилиши" сифатида баҳоланган.

"Энди Ўзбекистон U-17 терма жамоаси жорий йил ноябрь ойида Қатарда ўтказиладиган жаҳон чемпионатида Осиё шарафини ҳимоя қилади. Ушбу мундиалда ҳам юқори руҳ, юрт ифтихори ва ғалаба кайфияти билан тўлган ўзбекистонлик футболчиларга муваффақиятга эришишларини тилаймиз", – деб таъкидланган манбаларда.

Мақолалар "Ўзбекистон U-17 терма жамоаси ютуғи нафақат мамлакат доирасида, балки бутун Марказий ва Жанубий Осиёдаги футбол жамоалари учун кучли илҳом манбаи бўлди. Қийинчиликлар, баҳсли ҳакамлик ва мухлислар босимига қарамасдан, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ўзаро ишонч, бирдамлик ва матонат кўрсатиб, энг оғир вазиятда ҳам ғалаба қозониш мумкинлигини исботлади", – деган сўзлар билан якунланган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш