Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси Польша оммабоп телеканалида намойиш этилди

Октябрь 07, 2026. 14:00 • 2 дақ

• 82
Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси Польша оммабоп телеканалида намойиш этилди
Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси Польша оммабоп телеканалида намойиш этилди
Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси Польша оммабоп телеканалида намойиш этилди
Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси Польша оммабоп телеканалида намойиш этилди

ВАРШАВА, 7 октябрь. /“Дунё” АА/. Польшанинг оммабоп “TVP” телеканалида Ўзбекистонга бағишланган махсус дастур намойиш этилди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.

 “Нонуштага савол” деб номланган дастурда Ирода Пулатова-Гиль ва польшалик журналист, саёҳат дастурлари муаллифи Пётр Порай-Пелецкий иштирок этиб, мамлакатимизнинг бой тарихи, маданий мероси ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида сўз юритди.

Дастурда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий шаҳарларнинг ўзига хослиги, уларнинг Буюк Ипак йўли тарихидаги аҳамияти алоҳида таъкидланди. Хусусан, Самарқанддаги Регистон майдони, Тошкентдаги Чорсу бозори каби диққатга сазовор масканлар хорижлик сайёҳлар учун қизиқарли йўналишлар сифатида қайд этилди.

Теледастурда Ўзбекистоннинг миллий таомлари, айниқса, ўзбек палови ҳақида ҳам маълумот берилди. Миллий ошхона билан бир қаторда, ўзбек халқининг самимий меҳмондўстлиги мамлакатга келувчи сайёҳларда унутилмас таассурот қолдириши эътироф этилди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Польша билан тарихий-маданий алоқаларига эътибор қаратилди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонда генерал Андерс армияси ҳарбий хизматчилари ва поляк фуқаролари бўлгани, айрим оилаларнинг мамлакатимизда қолиб кетгани икки халқ ўртасидаги тарихий ришталардан бири сифатида қайд этилди.

Дастурда Ўзбекистонда туризм соҳаси жадал ривожланаётгани, тарихий обидалар билан бир қаторда, замонавий маданий марказлар ва музейлар барпо этилаётгани ҳам ёритилган. Саёҳат йўналишини Нукус ва Қорақалпоғистонга давом эттириш тавсия қилиниб, минтақанинг ўзига хос тарихи ва маданий мероси ҳам сайёҳлар учун қизиқарли экани қайд этилди.

Теледастур Ўзбекистонни қадимий тарих, бой маданият, миллий таомлар, ҳунармандчилик ва юксак меҳмондўстлик уйғунлашган, қайта-қайта саёҳат қилишга ундайдиган мамлакат сифатида намоён этди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Samandar Xodjiyev

samandar@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш