Logo

“National Business”: Ўзбекистон иқтисодиёти янги ўсиш босқичига кирмоқда

Апрель 12, 2026. 12:41 • 3 дақ

123
“National Business”: Ўзбекистон иқтисодиёти янги ўсиш босқичига кирмоқда

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 12 апрель. /“Дунё” АА/. Россия ва хориж давлатларидаги иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий янгиликларни ёритувчи “National Business” сайтида Ўзбекистонда янги иқтисодий босқич шаклланаётгани бўйича мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳити изчил равишда яхшиланиб, бизнес фаолияти янги босқичга кўтарилмоқда. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, мамлакат иқтисодиёти кутув ҳолатидан амалий ўсиш босқичига босқичма-босқич ўтмоқда. Бу жараён компаниялар кайфияти, талаб ва бандлик кўрсаткичларида яққол намоён бўлмоқда.

Сўнгги таҳлиллар ишбилармонлик муҳити индексида барқарор ўсишни кўрсатмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, бу ўсиш фақат кутилмалар ҳисобига эмас, балки бизнеснинг жорий ҳолати яхшиланиши билан ҳам таъминланмоқда. Хусусан, ҳозирги ҳолат 51 балл деб баҳоланган, келажак бўйича кутилмалар эса 81 баллни ташкил этган. Бу эса иқтисодий фаолликдаги ижобий ўзгаришлар аллақачон амалда ҳам сезилаётганини англатади.

“Тадбиркорлар кайфиятида ҳам сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Агар илгари компанияларнинг 38 фоизи ўз ҳолатини яхши деб баҳолаган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 44 фоизга етган. Шу билан бирга, сўнгги ойларда корхоналарнинг учдан бир қисми фаолиятида яхшиланиш бўлганини қайд этмоқда. Бу эса бизнес муҳитидаги ноаниқликлар камайиб, режалаштириш имкониятлари кенгаяётганидан далолат беради”, дея маълумотлар келтирилган мақолада.

Энг муҳими, ижобий кайфиятлар аста-секин амалий ҳаракатларга айланмоқда. Хусусан, бандлик кўрсаткичларида ўсиш кузатилиб, ходимлар сонини оширган корхоналар улуши 12 фоиздан 19 фоизга етган. Бу бизнеснинг иқтисодий барқарорликка бўлган ишончи ортиб бораётганини кўрсатади.

Шунингдек ўқинг

Шу билан бирга, талаб динамикаси ҳам сезиларли равишда яхшиланган. Бир йил аввал бозорда талаб ўсишини 22 фоиз компания қайд этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 39 фоизга етган. Бу эса ички бозор фаоллашаётгани ва тадбиркорлар учун янги имкониятлар пайдо бўлаётганини англатади.

Тармоқлар кесимида эса энг юқори ўсиш қишлоқ хўжалиги соҳасида қайд этилмоқда ­– бу ерда индекс 73 баллга етган. Хизматлар соҳасида ҳам ижобий ўзгаришлар мавжуд бўлса-да, ўсиш нисбатан секинроқ кечмоқда.

Умуман олганда, Ўзбекистон иқтисодиёти ҳозир ўтиш босқичида турибди. Илгари шаклланган ижобий кутилмалар бугунги кунда реал кўрсаткичлар билан мустаҳкамланмоқда. Бу эса иқтисодий ўсишнинг барқарор пойдевори шаклланаётганини кўрсатади.

Энг муҳим жиҳат – бизнесдаги ижобий кайфиятлар фақат сўзда қолмаяпти. Улар бандлик, талаб ва ишлаб чиқариш фаоллиги орқали амалда ўз ифодасини топмоқда. Бу эса иқтисодиётдаги тикланиш жараёни изчил ва мустаҳкам эканини англатади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш