Ўзбекистоннинг туризмни ривожлантириш борасидаги тажрибаси Покистон учун ҳам муҳим
Ноябрь 09, 2026. 16:20 • 2 дақ
• 66
ИСЛОМОБОД, 9 ноябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Diplomatic Insight” журналида Ўзбекистоннинг туризмни ривожлантириш борасидаги тажрибаси ва эришган юксак натижаларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақола муаллифи, нашр бош муҳаррири Асиф Нурнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда сўнгги йилларда туризм соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси халқаро сайёҳлик бозоридаги нуфузининг ортишига хизмат қилмоқда.
Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарлари жаҳон цивилизациясининг бебаҳо меросини намоён этиб, замонавий тараққиёт, очиқлик ва иқтисодий модернизациянинг ўзига хос намунасига айланган. Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломаларнинг маънавий мероси Ўзбекистоннинг мусулмон дунёсидаги туристик ва маърифий аҳамиятини янада оширмоқда.
Туризм соҳасидаги статистик кўрсаткичлар ҳам бу жараённинг кўламини яққол ифодалайди. 2025 йилда Ўзбекистонга 11,7 миллион нафар хорижлик ташриф буюрган. Бу 2021 йилдаги кўрсаткичдан олти баробардан зиёддир. Айниқса, Хитой, Малайзия ва Индонезия каби узоқда жойлашган ҳамда мусулмон дунёсига мансуб мамлакатлардан ташрифлар сонининг ортиб бораётгани мамлакатнинг туристик географияси кенгаяётганини кўрсатади.
Журналда қайд этилишича, Ўзбекистон туризми фақат тарихий обидаларни томоша қилиш билан чекланмаяпти. 2025 йилда хорижий ташрифларнинг 67,3 фоизи қариндошларни зиёрат қилиш, 16,5 фоизи дам олиш, 11,3 фоизи эса бизнес мақсадларига тўғри келган.
Бизнес сафарларининг сезиларли даражада ўсиши Ўзбекистонга нисбатан халқаро ишбилармонлик қизиқиши ортиб бораётганини англатади. Туризм савдо-сотиқ, инвестиция, меҳмонхона бизнеси, транспорт, қурилиш, ҳунармандчилик ва молиявий хизматларни ривожлантирувчи муҳим иқтисодий механизмга айланмоқда.
Мақоланинг муҳим жиҳатларидан бири – Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги тажрибаси Покистон билан ҳамкорликни ривожлантириш нуқтаи назаридан таҳлил қилинганидир.
Ўзбекистон тажрибаси, айниқса, Покистон учун ҳам муайян амалий аҳамиятга эга. Икки мамлакатни бой исломий мерос, тарихий савдо йўллари ва минтақавий ҳамкорлик манфаатлари боғлаб туради.
Самарқанд, Бухоро каби тарихий марказлар билан Покистоннинг Лаҳор, Мултон ва бошқа тарихий шаҳарлари ўртасида зиёрат, маданий ва тарихий туризм йўналишларини ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд.
Тўғридан-тўғри авиақатновлар, туристик пакетлар, қўшма тадбирлар ва ишбилармонлик форумлари икки давлат ўртасидаги иқтисодий-маданий алоқаларга янги суръат бағишламоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси