UN News: Самарқанд тарихий мерос ва барқарор шаҳарсозлик уйғунлигининг ёрқин намунаси
Ноябрь 07, 2026. 13:00 • 3 дақ
• 168ЖЕНЕВА, 7 ноябрь. /“Дунё” АА/. БМТ расмий ахборот порталида Бутунжаҳон шаҳарлар кунига бағишлаб Самарқанднинг тараққиёти, тарихий-маданий мероси ва барқарор шаҳарсозлик ташаббусларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада Самарқанд Буюк ипак йўлининг энг қадимий маданий ва савдо марказларидан бири сифатида асрлик тарихий меросни сақлаб қолишни замонавий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш билан муваффақиятли уйғунлаштираётган шаҳар сифатида тасвирланган.
Унда Ўзбекистоннинг БМТ тузилмалари, хусусан, ЮНЕСКО, БМТ-Ҳабитат ва ФАО билан туризм, маданий меросни муҳофаза қилиш ҳамда шаҳарларнинг барқарор тараққиёти соҳаларидаги ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетининг фаолияти юқори баҳоланган. Қайд этилишича, мазкур олийгоҳ 2023 йилдан буён БМТнинг Жаҳон туризм ташкилоти (UN Tourism) билан шерикликни ривожлантириб келаётган илк ҳамкор олий таълим муассасаси ҳисобланади. Шунингдек, UN Tourism шафелигидаги Барқарор туризм обсерваториялари халқаро тармоғи (INSTO) доирасида Марказий Осиёда илк бор Барқарор туризм обсерваториясини ташкил этиш режалаштирилган. Унинг фаолияти сайёҳлик оқимларини мониторинг қилиш, шунингдек, туризмнинг аҳоли бандлиги, шаҳар муҳити ва маҳаллий аҳоли турмуш сифатига таъсирини баҳолашга қаратилади.
Самарқанднинг тарихий-маданий меросини асраб-авайлаш борасида халқаро экспертлар билан биргаликда тарихий ёдгорликларни реставрация қилиш усулларини такомиллаштириш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилаётгани маълум қилинган.
Мақолада БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси Сабина Махль Самарқанднинг ўзига хос меҳмондўстлик муҳити, маданий бойлиги ва динамик тараққиётини юқори баҳолагани келтириб ўтилган.
Нашрда Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти жадал ўсиб бораётгани алоҳида қайд этилган. Хусусан, мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони 2016 йилдаги 1,2 миллиондан 2025 йилда қарийб 12 миллион нафарга етгани кўрсатилган. Шу билан бирга, 2025 йилда Самарқандга 7 миллионга яқин, 2026 йилнинг тўққиз ойида эса 10 миллиондан ортиқ сайёҳ келгани, йил якунига қадар бу кўрсаткич 14 миллион кишига етиши кутилаётгани билдирилган.
Бундан ташқари, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, хусусан, Самарқанднинг 40 дан ортиқ йўналишлар бўйича халқаро авиақатновларини кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистонни Хитой, Афғонистон ва Жанубий Осиё мамлакатлари билан боғлайдиган темир йўл магистралларини қуриш лойиҳаларига урғу берилган.
Мақолада Ўзбекистоннинг барқарор шаҳарсозликни таъминлаш ва аҳоли турмуш сифатини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлари ижобий ёритилган. Хусусан, сўнгги саккиз йил ичида Самарқанд вилоятида 1100 дан ортиқ кўп қаватли турар жой бинолари қурилгани, БМТ-Ҳабитат билан ҳамкорликда Самарқанднинг илк уй-жой профили ишлаб чиқилаётгани қайд этилган.
Шунингдек, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларининг 2026 йил август ойида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) Яшил шаҳарлар тармоғига қўшилгани экологик барқарорликни таъминлашдаги муҳим қадам сифатида тилга олинган.
БМТнинг ушбу мақоласи якунида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар ижобий муҳит шакллантириб, Самарқандни бой тарихий мерос, жадал ривожланаётган туризм ва замонавий шаҳарсозлик ёндашувларини ўзида мужассам этган намунали шаҳар сифатида кўрсатиши таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


