“Perspektywy”: Марказий Осиё халқаро таълим ҳамкорлигини ривожлантириш учун улкан салоҳиятга эга

Ноябрь 09, 2026. 14:30 • 2 дақ

• 128
“Perspektywy”: Марказий Осиё халқаро таълим ҳамкорлигини ривожлантириш учун улкан салоҳиятга эга

ВАРШАВА, 9 ноябрь. /“Дунё” АА/. Польшанинг “Perspektywy” портали Тошкентда бўлиб ўтган ва 1,5 мингдан ортиқ иштирокчини бирлаштирган “Central Asia International Education Forum” (CAIEF) халқаро таълим форумига бағишланган мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада қайд этилишича, форумда саккиз давлат – Марказий Осиёнинг бешта давлати, шунингдек, Польша, Туркия ва Покистон вазирлари иштирок этган. Польша академик делегацияси таркибидан 25 киши, жумладан, олти нафар ректор ва беш нафар проректор ўрин олган. Шунингдек, тадбирда Польшанинг Ўзбекистондаги элчиси Мариан Пшездецкий ва Польша фан ва олий таълим вазири Марчин Кулясек ҳам қатнашди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан “Perspektywy” таълим фонди асосчиси ва “IREG Observatory on Academic Ranking and Excellence” президенти Вальдемар Сивиньский Марказий Осиёнинг улкан салоҳиятини таъкидлаб ўтди. У минтақанинг асосий устунликлари қаторида бой табиий ресурслар, ривожланган қишлоқ хўжалиги, туристик имкониятлар ва ёш аҳолини кўрсатиб ўтди.

Шунингдек ўқинг

Маърузада таълим ва фаннинг минтақа тараққиётидаги ўрни, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа ўртасидаги академик алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Польшалик экспертнинг баҳолашига кўра, университетларнинг ҳамкорлиги, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳалари ва докторантларни тайёрлаш дастурлари ўзаро муносабатларнинг янада юқори босқичга кўтарилганидан далолат беради. Бунда Ўзбекистон нафақат хорижга талаблар юборадиган мамлакат, балки халқаро илмий-таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда тўлақонли шерик сифатида ҳам кўрилмоқда.

Нашрнинг қайд этишича, олий ўқув юртлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва хорижий, энг аввало, Европа таълим муассасалари билан шерикликни кенгайтириш Марказий Осиё олий таълим тизимини ривожлантириш учун истиқболли имкониятларни очади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш