Япониялик ўқувчиларнинг Ўзбекистонга саёҳатини янада кўпайтириш масаласи муҳокама қилинди
Август 15, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 22
ТОКИО, 15 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Япониянигнг Осака префектурасидаги “Seikyo Gakuen Junior & Senior High School” мактаби директори Масако Накаиши билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида Япониядан Ўзбекистонга мактаб ўқувчилари учун ўқув-танишув саёҳатларини йўлга қўйиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар 2025 йилда амалга оширилган илк ташриф натижалари, иштирокчилар таассуротлари ҳамда мазкур йўналишдаги ҳамкорликни давом эттириш бўйича фикр алмашди.
2025 йил 19–25 март кунлари “Seikyo Gakuen” мактабининг 50 нафарга яқин ўқувчиси ва ўқитувчилардан иборат гуруҳ Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига саёҳат қилган эди. Ташриф давомида меҳмонлар Ўзбекистоннинг тарихий мероси, шаҳарсозлиги, маданияти ва миллий таомлари билан яқиндан танишиб, маҳаллий ёшлар билан мулоқотлар ўтказганди.
Учрашувда Масако Накаиши ушбу сафар натижалари асосида “Ўзбекистонга мактаб саёҳати” номли фотосуратлар билан безатилган махсус сафарнома нашр этилганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ушбу нашр тарқатилгач, Осака префектурасидаги қатор мактаблар Ўзбекистонга таълимий саёҳатларни ташкил этишга катта қизиқиш билдирган. Келаётган ўқув йилида хорижий саёҳатлар бўйича ўтказилган сўровномада ўқувчилар ва ота-оналар томонидан Ўзбекистон йўналишига кўплаб таклифлар тушган.
Япония таълим тизимида хорижга саёҳатлар муҳим ўқув-тарбиявий амалиёт ҳисобланади. Япония Таълим вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 ўқув йилида 709 та мактабдан 66 минг 618 нафар ўқувчи дунёнинг 29 та мамлакатига саёҳат қилган. Бу кўрсаткичлар Япония мактаб туризми бозорида катта талаб мавжудлиги ва Ўзбекистон учун бу йўналиш янги имкониятлар очаётганини кўрсатади.
Учрашувда “Seikyo Gakuen” мактаби 2027 йил март ойида Ўзбекистонга навбатдаги ўқувчилар гуруҳини юбориш бўйича тайёргарликни бошлагани маълум қилинди. Шунингдек, 2026 йил октябрь ойида Осакадаги ушбу мактабда мамлакатимизнинг туристик салоҳиятига бағишланган махсус тақдимот ва интерактив семинар ўтказишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси