“Origo”: ЮНЕСКО Ўзбекистон ташаббусини бир овоздан қўллаб-қувватлади

Ноябрь 03, 2026. 11:30 • 2 дақ

• 130
“Origo”: ЮНЕСКО Ўзбекистон ташаббусини бир овоздан қўллаб-қувватлади

БУДАПЕШТ, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. Венгриянинг “Origo” нашрида “ЮНЕСКО Ўзбекистоннинг маданий меросни муҳофаза қилиш ташаббусини бир овоздан қўллаб-қувватлади” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг маданий меросни муҳофаза қилишга қаратилган халқаро ташаббуси ЮНЕСКО Ижроия кенгаши томонидан бир овоздан маъқулланди. Мазкур қарор Ўзбекистоннинг жаҳон маданий меросини асраш борасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасининг муҳим эътирофи бўлди.

Қарор ЮНЕСКОнинг Париждаги штаб-квартирасида ташкилот Ижроия кенгашининг 225-сессияси доирасида қабул қилинди. Ушбу ташаббус Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ўтган йил октябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференцияси сессиясида илгари сурилган эди.

Ташаббус иқлим ўзгариши, табиий офатлар ва глобаллашув жараёнлари туфайли маданий мерос объектларига юзага келаётган таҳдидларнинг олдини олиш, уларни муҳофаза қилишда давлатлар, халқаро ташкилотлар ва илмий жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган.

Нашрда ёзилишича, қабул қилинган қарорга мувофиқ, 2027 йилда Ўзбекистоннинг Хива шаҳрида ЮНЕСКО иштирокида халқаро симпозиум ўтказилади. Унда мутахассислар маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, замонавий технологиялардан фойдаланиш ва анъанавий билимларни асраб қолиш масалаларини муҳокама қилади.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон ташаббусини ЮНЕСКОга аъзо 54 та давлат, жумладан, Хитой, Испания, Греция, Португалия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон қўллаб-қувватлади.

Ташаббусни маъқуллаган давлатлар вакиллари иқлим ўзгариши ва глобаллашув оқибатлари миллий чегаралар билан чекланмаслигини таъкидлаб, маданий меросни асраш учун халқаро ҳамкорлик ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар зарурлигини қайд этди.

Мазкур қарор Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини асрашга қаратилган саъй-ҳаракатлари халқаро миқёсда қўллаб-қувватланаётганини кўрсатади.

2027 йилда Хивада ўтказиладиган симпозиум маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш