Покистон нашрларида Ўзбекистонда ўтказиладиган Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилишига тайёргарликнинг бориши кенг ёритилмоқда
Июнь 02, 2026. 10:55 • 2 дақ
• 60
ИСЛОМОБОД, 3 июнь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The Nation”, “Margalla Tribune”, “Khyber Mail”, “Infora News”, “The Gulf Observer” нашрларида юртимизда бўлиб ўтадиган Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши ҳақида қатор мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрларда жорий йилнинг 4–6 июнь кунлари Тошкент шаҳрида “Тинчлик, ўзаро боғлиқлик ва барқарорлик: умумий фаровонлик пойдеворини шакллантириш” мавзусида ўтказиладиган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши хусусида тўхталиб ўтилган.
Таъкидланишича, мазкур йиғилиш Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Форум дастуридан “Сиёсий мулоқот ва иқтисодий боғлиқлик – ОҲИЧК маконида барқарор ривожланиш асоси” мавзусидаги юқори даражадаги ялпи мажлис, иқлим ўзгаришига биргаликда мослашиш ва экологик барқарорлик ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига бағишланган иккита махсус тематик сессия ўрин олган.
Тадбир доирасида минтақавий хавфсизлик, жумладан, Афғонистон–Ўзбекистон–Покистон йўналишида мулоқотни ривожлантириш, транспорт-логистика боғлиқлигини мустаҳкамлаш, минтақавий ишончни шакллантириш ва барқарор ривожланишнинг умумий кун тартибига бағишланган эксперт ва академик муҳокамалар, қатор қўшимча тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Марказий Осиёнинг минтақавий ўзига хослиги масалаларига, тинчликпарварлик ва барқарор ривожланиш соҳаларида ёшлар ҳамкорлигини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, мулоқот иштирокчилари Термиз ва Самарқанд шаҳарларига ташриф буюради.
“Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши якунлари бўйича Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ишончни мустаҳкамлаш ҳамда барқарор ўзаро боғлиқликни илгари суришга қаратилган Коммюнике қабул қилиниши режалаштирилган”, – дея қайд этилган мақолаларда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Покистон оммавий ахборот воситалари Ўзбекистондаги “Меҳр” гуманитар операцияларининг якунлари ҳақида ёзмоқда



