Штутгарт шаҳрида Ўзбекистон-Германия бизнес-форумлари ва реклама кампанияларини ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди

Июнь 03, 2026. 14:25 • 2 дақ

55
Штутгарт шаҳрида Ўзбекистон-Германия бизнес-форумлари ва реклама кампанияларини ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди

ШТУТГАРТ, 3 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси вакиллари Штутгарт савдо-саноат палатаси (IHK) президенти Клаус Паал билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида палата президенти иштирокчиларни ташкилот фаолияти билан таништириб, унга аъзо компаниялар машинасозлик, муҳандислик, автомобилсозлик, юқори технологиялар ва ахборот технологиялари соҳаларида фаолият юритаётганини таъкидлади.

Клаус Паал Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таниш эканини билдириб, уларга ижобий баҳо берди ҳамда палата аъзоларининг Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқишини маълум қилди.

Бош консул Мираншоҳ Раупов Ўзбекистондаги макроиқтисодий ўзгаришлар, иқтисодий ўсиш суръатлари ва барқарорлик, хорижий инвесторлар учун яратилган ҳуқуқий кафолатлар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда эркин иқтисодий зоналар имкониятлари ҳақида маълумот берди.

Шунингдек ўқинг

Суҳбат жараёнида Баден-Вюртемберг федерал еридан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Шу муносабат билан қўшма реклама кампанияларини ўтказиш ва B2B шаклидаги учрашувларини ташкил этиш таклиф этилди.

Ташқи меҳнат миграцияси, жумладан, хавфсиз, тартибли ва қонуний тизимни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонлик мутахассисларни Германия меҳнат бозори стандартларига мувофиқ тизимли тайёрлаш ва уларни Штутгарт ва минтақага ишга жойлаштириш имкониятлари, Германиянинг дуал таълим тизимини жорий этиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида Германия томони қўшма бизнес-форумлар ва икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш имкониятларини ўрганишга тайёрлигини билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш