Саудиянинг нуфузли университети билан яқин ҳамкорлик ўрнатилади

Июнь 25, 2026. 12:30 • 2 дақ

42
Саудиянинг нуфузли университети билан яқин ҳамкорлик ўрнатилади

АР-РИЁЗ, 25 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Саудия Арабистонидаги Фан ва технологиялар университети президенти Эдвард Бирн билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида олий таълим, илмий тадқиқотлар ва академик ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди. Саудия томонига сўнгги йилларда Ўзбекистонда олий таълим қамровини кенгайтириш, таълим сифатини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, илм-фанни ривожлантириш ҳамда етакчи хорижий олий таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Университет президенти Эдвард Бирн мамлакатимизнинг таълим соҳасидаги ютуқларини юқори баҳолаб, буюк ўзбек уламоларининг жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган ҳиссасини алоҳида эътироф этди. У ушбу тарихий меросга ҳурмат рамзи сифатида “KAUST” университети кампусидаги марказий бинолардан бирига буюк аллома Ал-Хоразмий номи берилганини мамнуният билан қайд этди.

Суҳбат давомида университет раҳбари мазкур олийгоҳ Қиролликнинг инновациялар ва юқори технологиялар соҳасидаги асосий трансформация маркази эканини, араб оламидаги етакчи илмий муассасалардан бири саналишини ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган илмий тадқиқотларнинг 70 фоизи айнан ушбу мажмуа ҳиссасига тўғри келишини таъкидлади.

Шунингдек ўқинг

Маълум қилинишича, “KAUST” асосий эътиборни озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ресурслари, энергетика, атроф-муҳит муҳофазаси ва сунъий интеллект каби глобал муаммолар ечимига қаратган бўлиб, таълим фақат инглиз тилида, магистратура ва докторантура босқичларида тўлиқ бепул (грант асосида) олиб борилади. Шунингдек, талабалар ва тадқиқотчилар стипендия ҳамда бепул турар жой билан таъминланади.

Ҳозирги кунда ушбу нуфузли таълим муассасасида 8 нафар Ўзбекистон фуқароси таҳсил олмоқда ва илмий фаолият юритмоқда. Эдвард Бирн ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар сонини янада кўпайтириш учун барча имкониятларни тақдим этишга ҳамда Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Музокаралар чоғида жорий йилнинг сентябрь ойида “KAUST” делегациясининг Ўзбекистонга амалий ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Эл-юрт умиди” жамғармаси, Янги Ўзбекистон университети ва бошқа етакчи олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик ҳужжатларини имзолаш, шунингдек, қўшма илмий лойиҳаларни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш