Самарқанд вилояти ва Кичик Польша воеводлиги муҳим соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди
Июнь 25, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 78
ВАРШАВА, 25 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев ва Кичик Польша воеводлиги маршали Лукаш Смолка ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар чоғида томонлар Самарқанд вилояти ва Кичик Польша воеводлиги ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларини атрофлича муҳокама қилди, ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олди.
Польша томони Самарқанд вилояти билан туризм, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, замонавий технологияларни, юқори технологик ва инновацион ишланмаларни жорий этиш соҳаларида шерикликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини қайд этди. Шунингдек, авиация, кимё ва металлургия саноати ҳамда электротехника соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари Лукаш Смолка жорий йилнинг кузида Польша ишбилармон доиралари ва тегишли ташкилотлар вакилларидан иборат делегацияга бошчилик қилиб, Ўзбекистонга ташриф буюришга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида ҳудудлараро ҳамкорликнинг институционал асосларини шакллантириш, қўшма лойиҳалар портфелини тайёрлаш ва ўзаро ташрифлар алмашинувини фаоллаштириш бўйича амалий ишларни давом эттиришга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси