Польша ОАВ: Ўзбекистон қадимий Ипак йўлининг дурдонаси ва жадал ривожланаётган сайёҳлик йўналишларидан биридир
Март 19, 2024. 15:39 • 2 дақ
• 85
ВАРШАВА, 19 март. /"Дунё" АА/. Польшанинг етакчи оммавий ахборот воситаларида шу йилнинг 13 март куни "Варшава-Тошкент-Варшава" йўналиши бўйича биринчи ҳаво қатновини йўлга қўйилгани ҳақидаги мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги

Хусусан, ушбу мамлакатнинг «Rzeczpospolita» газетаси, «Interia», «dlapilota», «Agencja informacyjna», «eska.pl», «money.pl», «Transinfo», «Radio Maryja», «Polskie Radio», «Turystyka» каби порталларида мазкур воқеага бағишланган туркум мақолалар жойлаштирилди.
Нашрларда маълум қилинганидек, биринчи рейсда Ўзбекистонга Польша маданият ва миллий мерос вазири ўринбосари Божена Желазовска бошчилигидаги Сейм (парламент қуйи палатаси) депутати, Польша – Ўзбекистон парламентлараро дўстлик гуруҳи аъзоси Томаш Костус, "LOT Polish Airlines" компанияси президенти Михал Фийол, шунингдек, ушбу мамлакатнинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари, таниқли блогерлар, туроператорлар ва бошқалар ўрин олган делегация ташриф буюрди.
Мақолаларда Ўзбекистон Марказий Осиёнинг сайёҳлик дурдоналаридан бири сифатида қайд этилган. "Сўнгги йилларда мамлакатда туризм соҳасини модернизация қилиш, жумладан, хорижлик меҳмонларга халқаро андозалар асосида хизмат кўрсатишни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деб ёзган нашрлар. – Хусусан, "Ўзбекистон – 2030" стратегиясида хорижий сайёҳлар сонини 15 миллионга, маҳаллий сайёҳлар сонини эса 25 миллионга етказиш кўзда тутилган".
Польша ОАВ "LOT Polish Airlines" компанияси Европа Иттифоқидан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри рейсларни таклиф қилувчи ягона авиаташувчига айланганига эътибор қаратган. Компания томонидан амалга ошириладиган ҳаво қатновлари биринчи навбатда Германия, Франция ва Швеция аҳолисига транзит вазифасини бажаради.
Қайд этилишича, Ўзбекистон қадимий Ипак йўлининг дурдонаси ва энг қизиқарли ҳамда жадал ривожланаётган сайёҳлик йўналишларидан бири сифатида Польша ва Европа сайёҳлари учун жуда кўп нарсаларни таклиф этади. Шунингдек, мазкур қатновлар Польша ва Ўзбекистон ўртасида туризм ва иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади.
"Ўзбекистоннинг асосий туристик йўналишлари: Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Фарғона, Қўқон шаҳарларидир", – деб ёзган Польша ОАВ.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида