Logo

Ўзбекистонда китоб ўқишни оммалаштириш масаласи Жанубий Корея оммавий ахборот воситалари нигоҳида

Июль 18, 2024. 16:14 • 2 дақ

179
Ўзбекистонда китоб ўқишни оммалаштириш масаласи Жанубий Корея оммавий ахборот воситалари нигоҳида

СЕУЛ, 18 июль. /"Дунё"АА/. Жанубий Кореянинг етакчи нашрларида бири "The Korea Post" журналлари расмий сайтида мамлакатимизда китоб ўқишни оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда қайд этилишича, кутубхоналар таълим, маданият ва жамият ривожланишида муҳим роль ўйнайди, билимга кириш, маданий меросни сақлаш ва ақлий ўсишни таъминлаш учун бебаҳо манба ҳисобланади. Замонавий ахборот жамиятида улар ҳар ёшдаги одамларнинг таълим олиши ва ўз-ўзини ривожлантиришига кўмаклашувчи муҳим институт бўлиб қолмоқда.

Ҳозирги босқичда таълим давлат сиёсатидаги энг муҳим йўналишлардан бирига айланди. Унинг мамлакат равнақида тутган ўрнини тан олган ҳолда, Ўзбекистон ҳукумати бу соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Сўнгги йилларда мамлакат таълим соҳасида сезиларли ютуқларга эришди. Бу ютуқлар тизимни модернизация қилиш, таълим сифатини яхшилаш ва кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, шунингдек, давлатнинг барча фуқаролари учун таълим олиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган.

Ўз навбатида, "Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасида ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини оммалаштиришга, аҳолида китоб ўқишга бўлган муҳаббатни уйғотиш ва барча учун кутубхона ва ахборот хизматларидан фойдаланиш имкониятини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

"Ўзбекистон – 2030" стратегиясида асосий мақсадлар сифатида ёш китобсеварлар сонини беш миллионга етказиш, ҳар йили 100 та бадиий асар ва болалар ҳамда ўсмирлар учун 50 та китоб яратиш, "Ўзбек адабиёти хазинасидан" кўп жилдлик ва "Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари" 100 жилдлигини ўзбек тилида нашр этиш ҳамда қарийб 40 миллионга яқин китоб фондини рақамлаштириш белгиланган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш