Швеция ОАВ: ЮНЕСКО Бош ассамблеясининг 43-сессияси 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилади
Январ 15, 2024. 11:19 • 2 дақ
• 296
СТОКГОЛЬМ, 16 январь. /«Дунё» АА/. Швециянинг «Cawa Media» ахборот агентлиги ва «Diplomatic World Sweden» веб-сайтида ЮНЕСКО Бош ассамблеясининг 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилишига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«ЮНЕСКО Бош Ассамблеяси 40 йилдан кейин биринчи марта Париждан ташқарида бўлиб ўтади, - деб ёзган манбалар. – ЮНЕСКО Бош Ассамблеясининг навбатдаги, 43-сессияси 2025 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Навбатдаги 43-сессиянинг 2025 йилда Самарқандда ўтказилиши ЮНЕСКОнинг Париждаги Бош ассамблеясида ҳам расман тасдиқланди. Дунёнинг сайёҳлик пойтахти – Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ушбу муҳим воқеани ўтказиб юборманг».
Қайд этилганидек, Франция пойтахтида Бош ассамблеянинг 42-сессияси бўлиб ўтди, унда иштирокчилар Ўзбекистоннинг навбатдаги 43-сессияни 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватладилар ва тегишли резолюцияни қабул қилдилар.
Швеция ОАВга кўра, ЮНЕСКО Бош ассамблеясининг мажлиси охирги марта Париждан ташқарида 1985 йилда Болгария пойтахти София шаҳрида бўлиб ўтган.
1945 йилда ташкил этилган ва бош қароргоҳи Парижда жойлашган ЮНЕСКО БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти бўлиб, бугунги кунда унга жами 193 та давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам аъзо. Ўзбекистон 1993 йил 26 октябрда ЮНЕСКОга аъзо бўлди.
«Қадимий Самарқанд шаҳри бир неча мезонларга кўра, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Жумладан, ушбу қадим кентдаги ажойиб меъморий иншоотлар - Регистон майдони ва Бибихоним масжиди, шунингдек, Самарқанднинг 12 асрдан 21 асргача бўлган тарихий ландшафтлари ҳозирги кунга қадар ажойиб ҳолда етиб келган», - деб ёзган «Cawa Media» ва «Diplomatic World Sweden».
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида
“AJP” нашри: 2025 йилдан Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида эркин савдо режими жорий этилди