“Q8 Press”: Ўзбекистон саёҳатчилар учун Марказий Осиёдаги энг жозибали давлат ҳисобланади
Декабрь 06, 2025. 10:59 • 2 дақ
• 165
АЛ-КУВАЙТ, 6 декабрь. /“Дунё” АА/. Кувайтнинг араб тилидаги “Q8 Press” электрон порталида “Ўзбекистон... Буюк Ипак йўлининг дурдонаси яна глобал эътибор марказига қайтмоқда” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон бой тарихий мерос, жадаллаштирилган иқтисодий модернизация ва ривожланган инфратузилманинг ноёб уйғунлиги туфайли глобал туризм харитасида тез суръатлар билан юксалиб бормоқда. Бу эса мамлакатни Марказий Осиёдаги саёҳатчилар учун энг жозибали йўналишлардан бирига айлантирмоқда.
ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган етти ёдгорлик, жумладан, учта трансчегаравий ёдгорлик билан Ўзбекистоннинг маданий мероси мамлакатнинг туризм асосига айланди.
Бу уйғониш даври ҳукумат томонидан сўнгги йилларда бошланган кенг қамровли модернизация стратегиясининг бир қисми бўлиб, туризм соҳасини иқтисодий ўсишнинг ҳаракатлантирувчи кучига, маданий дипломатия воситасига ҳамда Шарқ ва Ғарб ўртасидаги учрашув нуқтасига айлантиради. Жаҳон мероси объектлари минг йиллик цивилизация тарихидан ҳикоя қилади.
“Хивадаги Ичан қалъаси ўрта асрлардан бери деярли ўзгаришсиз қолган энг улуғвор мустаҳкам объектлардан биридир. Бу шаҳарга ташриф буюрувчилар ўзларини асрлар орқасига чекингандек ҳис қилишади, чунки масжидлар, мадрасалар ва саройлар ёнма-ён жойлашган бўлиб, асл шарқона безаклар билан безатилган”, – дея ёзади “Q8 Press” нашри.
Шунингдек, материалда Марказий Осиёдаги энг муҳим тарихий шаҳарлардан Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган.
“Бухоро ҳали ҳам маданий ва маънавий марказ мақомини сақлаб қолмоқда, юзлаб ёдгорликлар, хусусан, Исмоил Сомоний мақбараси, миноралар, анъанавий бозорлар ва мадрасалар билан фахрланади. Шаҳрисабз буюк саркарда Амир Темур туғилиб ўсган шаҳар. Темурийлар сулоласи ёдгорликларининг аксарияти Шаҳрисабзда жойлашган. Самарқанд эса Марказий Осиёнинг дурдонаси ва маданиятлар яқинлашувининг рамзи бўлиб қолмоқда. Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси, Шоҳи-Зинда мажмуаси ва Улуғбек расадхонаси каби машҳур ёдгорликлар халқаро рамз сифатида ажралиб туради”, – дея фикр юритилган мақолада.
Ўзбекистоннинг ўзига хослиги унинг маданий мероси билан чекланиб қолмайди: табиий жойлар – Ғарбий Тян-Шань тоғлари, мўътадил Турон чўллари, Зарафшон-Қорақум довони ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Бу жойлар экотуризм ва саргузашт туризмининг пойдеворига айланиб, мамлакат сайёҳлик тажрибасининг хилма-хиллигини оширмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси