Санкт-Петербургда ўзбекистонлик рассомнинг кўргазмаси очилди

Июль 08, 2026. 12:30 • 2 дақ

68
Санкт-Петербургда ўзбекистонлик рассомнинг кўргазмаси очилди
Санкт-Петербургда ўзбекистонлик рассомнинг кўргазмаси очилди

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 8 июль. /“Дунё” АА/. Санкт-Петербург Китоб ва графика марказида истеъдодли ўзбек рассоми Жамшид Избосаровнинг “Тақдир вақти” номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда олимлар, санъатшунослар ва ушбу шаҳардаги ихтисослашган бадиий таълим муассасалари талабалари иштирок этди.

Жамшид Избосаров юқори академик тайёргарлик мактабига эга. У П.П.Беньков номидаги Тошкент республика рассомлик коллежини тамомлагач, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида таҳсил олган.

Рассомнинг ижодий маҳорати Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ўтказилган қатор кўргазмаларда эътироф этилган. Унинг асарлари аввал ҳам Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларидаги нуфузли санъат марказларида намойиш этилган.

Шунингдек ўқинг

Муаллифнинг абстракт рангтасвир йўналишидаги ижод намуналарини қамраб олган ушбу экспозиция сўнгги уч йил давомида шакллантирилган. Кўргазма концептуал жиҳатдан икки гуруҳга ажратилган: рассомнинг қадрдон шаҳри Навоийда яратилган туркум асарлари ҳамда Санкт-Петербургда чизилган полотнолар.

Бундай ўзига хос ёндашув географик ва маданий муҳитнинг ўзгариши таъсирида муаллиф ижодий услубининг ривожланиш тадрижини яққол кузатиш имконини беради.

Кўргазма иштирокчилари ўзбек рассоми маҳорати ва асарларининг фалсафий теранлигига юқори баҳо берди.

Жамшид Избосаровнинг шахсий кўргазмаси шу йил 15 июлга қадар давом этади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш