РБК: Россия ва Ўзбекистон рақамли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва бизнес учун тартиб-қоидаларни соддалаштиришдан манфаатдор

Октябрь 08, 2026. 10:00 • 2 дақ

• 161
РБК: Россия ва Ўзбекистон рақамли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва бизнес учун тартиб-қоидаларни соддалаштиришдан манфаатдор

МОСКВА, 8 октябрь. /“Дунё” АА/. Россиянинг “РБК” ахборот порталида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги рақамли технологиялар йўналишидаги шериклик алоқаларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада юртимизда ўтказилган “Россия–Ўзбекистон: рақамли кўприк – технологиялар ва имкониятлар” мавзусидаги бизнес-миссия ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган. Тадбир доирасида Россия делегацияси “Ict Week Uzbekistan” халқаро ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталигида иштирок этиб, Ўзбекистоннинг давлат ва хусусий сектори вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди.

Музокараларнинг асосий йўналишларини трансчегаравий электрон ҳужжат айланмаси , киберхавфсизлик ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалалари ташкил этди.

Хусусан, Солиқ қўмитаси ҳамда “Янги технологиялар” АЖ илмий-ахборот маркази раҳбарияти билан учрашувларда Россия электрон имзоларини ишончли учинчи томон орқали тан олиш, электрон ҳисобварақ-фактуралар тизимини интеграция қилиш ва солиқ мониторингида сунъий интеллектдан фойдаланиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Мулоқотлар Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги билан давом этди. Унда электрон тижоратда генератив сунъий интеллектдан фойдаланиш, маълумотларни ҳимоя қилиш стандартлари ва Россиянинг IT-ечимларини Ўзбекистон бозорига олиб киришдаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш масалалари кўриб чиқилди.

Порталда ёзилишича, бизнес-миссиянинг муҳим тадбирларидан бири “Ўзбекистон ва Россия рақамли альянси: трансчегаравий электрон ҳужжат айланмаси, меъёрий тартибга солиш ва кибербарқарорликни ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари” мавзусидаги пленар сессия бўлди. Унда трансчегаравий электрон ҳужжат алмашинуви бўйича ўтказилган пилот лойиҳа натижалари сарҳисоб қилинди.

Миссия доирасида Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик бўйича қўшма қуйи комиссия йиғилиши ҳам ўтказилиб, электрон ҳужжатлар соҳасидаги қонунчиликни амалга оширишнинг кейинги босқичлари муҳокама қилинди.

Учрашувлар ва B2B форматидаги музокаралар икки давлат бизнес доираларининг рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиши юқори эканини кўрсатди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш