Ўзбекистон тарихи давлат музейининг 150 йиллигига бағишланган халқаро конференция ўтказилди
Октябрь 08, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 83ТОШКЕНТ, 8 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон тарихи давлат музейининг 150 йиллигига бағишланган “XXI асрда музейшунослик: тадқиқотлар, анъаналар ва инновациялар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳамда “Science and Innovation” халқаро илмий журнали ҳамкорлигида ташкил этилди.
Конференцияда Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлардан музейшунослик, тарих, археология, реставрация ҳамда маданий меросни муҳофаза қилиш соҳалари мутахассислари қатнашди. Иштирокчилар сафида Қозоғистон, Эрон, Тожикистон, Қирғизистон, Озарбайжон, АҚШ, Япония каби давлатларнинг миллий музейлари вакиллари ҳам бор.
Анжуман давомида музейшуносликни ривожлантиришнинг замонавий тамойиллари, тарихий-маданий меросни ўрганиш ва асраб-авайлаш, музей фондларини илмий тадқиқ этиш, соҳа фаолиятига инновацион технологияларни татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Археологик қазишмалар ва тарихий-маданий объектларни музейлаштириш, музей тўпламларини ўрганиш, мерос намуналарини консервация ҳамда реставрация қилиш, материалларни рақамли талқин этиш, этнографик, фольклор ва моддий-маънавий меросни замонавий музей маконида намойиш этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар тарихий манбалар, археологик материаллар ва музей экспонатларига бағишланган илмий маърузалар билан чиқиш қилиб, ўзаро тажриба алмашдилар ҳамда маданий меросни ўрганиш ва асраш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама этдилар.
Тадбир доирасида Ўзбекистон тарихи давлат музейининг 150 йиллигига бағишланган видеоролик тақдимоти ҳам ўтказилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



