Ўзбекистон компанияларининг халқаро фонд биржаларига чиқиши бўйича янги имкониятлар кўриб чиқилди
Октябрь 08, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 97
ЛОНДОН, 8 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида “Jefferies” халқаро инвестиция банкининг Европа, Яқин Шарқ ва Африка минтақаси бўйича раҳбари Доминик Лестер билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат давомида молия ва капитал бозори соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ўзбекистоннинг халқаро капитал бозоридаги иштирокини кенгайтириш ҳамда мамлакатнинг инвестицион салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Доминик Лестер “UzNIF”нинг Лондон фонд биржасидаги “IPO”си халқаро капитал бозори иштирокчилари томонидан ижобий қабул қилинганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, мазкур операция Ўзбекистонга нисбатан хорижий инвесторларнинг қизиқишини ошириш, мамлакатдаги инвестиция имкониятлари ҳақида халқаро молия ҳамжамиятининг хабардорлигини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
“UzNIF”нинг муваффақиятли “IPO”сида давлат томонидан кўрсатилган барқарор қўллаб-қувватлаш муҳим омил бўлгани қайд этилди. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон компанияларининг келгусида халқаро фонд биржаларида листингдан ўтиши учун мустаҳкам замин яратаётгани таъкидланди.
Учрашувда Ўзбекистон томонидан мамлакатда халқаро капитал бозорлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш механизмларини такомиллаштириш ва инвестицион муҳитни янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан фикр-мулоҳаза алмашилди. Ушбу муассасани минтақадаги етакчи молия марказларидан бирига айлантириш, халқаро инвесторлар учун янги имкониятлар яратиш ҳамда мамлакатнинг глобал капитал бозорларига интеграциялашувини кенгайтиришдаги аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Мулоқот якунида молия ва капитал бозорлари соҳасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, халқаро инвесторлар билан алоқаларни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон компанияларининг халқаро капитал бозорларига чиқишини қўллаб-қувватлаш бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси