Покистон ОАВ: Ўзбекистонда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган
Май 19, 2026. 19:25 • 3 дақ
• 26ИСЛОМОБОД, 19 май. /“Дунё” АА/. Покистоннинг оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда болаларни ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий ёндашувларни ва ислоҳотларни кенг ёритмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Жумладан, «Associated Press of Pakistan», «The Nation», «Daily Ittehad», «The World News», «The Gulf Observer», «Pakistan Economic Network», «Global News Pakistan», «Infora News», «Dunya News» каби марказий нашрларда «Ўзбекистонда болаларни ҳимоя қилиш ислоҳоти:рақамли таҳдидларга қарши янги ҳуқуқий ёндашув» сарлавҳали мақола эълон қилинган.
Материалларда Ўзбекистонда инсон қадр-қимматини улуғлаш, айниқса болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил таъминланиб келинаётгани алоҳида эътироф этилган.
Қайд этилганидек, Ўзбекистонда сўнгги йилларда болаларни ҳар қандай зўравонлик ва тазйиқлардан ҳимоя қилиш, улар учун хавфсиз муҳит яратиш ҳамда ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
«Ушбу изчил сиёсатнинг мантиқий давоми сифатида, 2026 йил 17 апрелда қабул қилинган «Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий қадамлардан бири бўлди», – дейилади мақолаларда.
Мазкур Қонун билан Жиноят кодексига, Жиноят-процессуал кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унда болаларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини ҳар томонлама кучайтиришга қаратилган тизимли ёндашув ўз аксини топган.
«Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати – жиноят процессида болалар иштирокини тартибга солувчи нормаларнинг киритилишидир. Хусусан вояга етмаган гувоҳ учун қонуний вакил иштирокини таъминлаш мажбурий қилиб белгиланди, сўроқ қилиш муддати боланинг ёшига қараб аниқ чеклаб қўйилди. Бу нормалар болаларга нисбатан процессуал босимни камайтириш, уларнинг психологик ҳолатини муҳофаза қилиш ҳамда инсонпарварлик тамойилларини таъминлашга хизмат қилади», – дея қайд этилган манбаларда.
Мақолалар хулосасида, «Мазкур Қонун болаларни ҳимоя қилиш соҳасида янги босқични бошлаб бермоқда. Энг муҳими, бу ислоҳотлар болаларнинг нафақат ҳуқуқий ҳимоясини, балки уларнинг шаъни, қадр-қиммати ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган инсонпарвар сиёсатнинг амалий ифодасидир», – деб урғуланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Покистон матбуоти Ўзбекистоннинг урбанизация соҳасидаги ислоҳотларини эътироф қилди





