“Infora News”: Сўнгги тўққиз йилда Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,7 баробарга ошди
Май 19, 2026. 09:25 • 3 дақ
• 118
ИСЛОМОБОД, 19 май. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Infora News” электрон нашри “Туркий макон иқтисодий интеграцияси марказида Ўзбекистон” сарлавҳали мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда қайд этилишича, жаҳон логистикасидаги ўзгаришлар фонида туркий маконнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо мамлакатлар Марказий Осиё, Кавказ, Туркия ва Европа бозорларини боғловчи Евроосиёнинг энг йирик қуруқлик ҳудудларидан бирини шакллантиради.
“Шу жараёнда Ўзбекистон минтақада энг жадал ривожланаётган давлатлардан бирига айланмоқда. Сўнгги беш йил ичида мамлакат Гарвард университетининг Иқтисодий мураккаблик атласида 28 поғонага кўтарилиб, 145 давлат орасида 70-ўринни эгаллади. Экспортнинг ўртача йиллик ўсиши 13,4 фоизни ташкил этди, энергия ресурсларидан ташқари экспорт эса йилига ўртача 17 фоизга ошиб, минтақавий ҳамда жаҳон ўртача кўрсаткичларидан юқори натижа қайд этди”, – деб ёзилган мақолада.
Таъкидланишича, бугунги кунда Ўзбекистоннинг ТДТ доирасидаги ҳамкорлиги 35 дан ортиқ йўналишни қамраб олган. Шу билан бирга, ўзаро ҳамкорликнинг иқтисодий таркиби ҳам кучаймоқда. Сўнгги тўққиз йилда Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан товар айирбошлаши 2,7 баробарга ошди.
Шунингдек, материалда ТДТ доирасида Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари Қозоғистон ва Туркия бўлиб қолаётгани маълум қилинади.
“Тўғридан-тўғри денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон учун транспорт боғлиқлигини ривожлантириш ташқи савдони кенгайтириш ва халқаро ишлаб чиқариш занжирларига интеграциялашувнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли транспорт соҳаси ТДТ доирасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бирига айланмоқда”, – дея урғуланган манбада.
Ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги савдо ҳажмининг ўсиши транспорт оқимларининг сезиларли кенгайиши билан ҳам кузатилмоқда. Энг фаол юк ташиш алоқалари Қозоғистон билан сақланиб қолмоқда, чунки Ўзбекистоннинг Россия, Кавказ ва Европа йўналишидаги асосий қуруқлик маршрутлари айнан шу давлат ҳудудидан ўтади. Шунингдек, Озарбайжон ва Туркия билан транспорт соҳасидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланиб бормоқда.
Мақола хулосасида ёзилганидек, “Ўзбекистоннинг ТДТ норасмий саммитидаги иштироки тобора амалий иқтисодий мазмун касб этди. Савдо-сотиқни кенгайтириш, мультимодал транспорт йўлакларини ривожлантириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, инвестициявий ҳамкорлик ва рақамли боғлиқликни кучайтириш Евроосиё минтақасидаги ишлаб чиқариш ва логистика занжирларига янада чуқур интеграциялашув учун мустаҳкам асос яратди”.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Швейцария матбуоти: Наманган Марказий Осиёнинг асосий маданий туризм марказига айланиб бормоқда



