Швейцария матбуоти: Наманган Марказий Осиёнинг асосий маданий туризм марказига айланиб бормоқда
Май 19, 2026. 10:55 • 2 дақ
• 87
ЖЕНЕВА, 19 май. /“Дунё” АА/. Швейцариянинг “Diva International” электрон нашри ва “International Diplomat” журналида Ўзбекистоннинг сайёҳлик ва маданий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда Наманган гуллар фестивалининг халқаро аҳамиятига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хорижий нашрлардаги мақолаларда ёзилишича, бугунги кунда Наманган Марказий Осиёдаги энг жадал ривожланаётган маданий туризм марказларидан бирига айланмоқда.
Муаллифлар Наманганда Халқаро гуллар фестивалининг ўтказилиши Ўзбекистоннинг миллий маданий меросини жаҳон миқёсида тарғиб қилиш ва халқаро туристик ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги изчил стратегиясини намоён этишини алоҳида таъкидлаган.
Нашрларда қайд этилганидек, бир миллионга яқин хорижий меҳмонни қабул қилиши мумкин бўлган навбатдаги 65-Халқаро гуллар фестивалига пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Биргина фестивалга бундай юксак эътиборнинг қаратилиши халқаро ҳамжамиятнинг минтақага бўлган қизиқиши ортиб бораётгани ҳамда унинг жаҳон сайёҳлик харитасидаги ўрни мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Намангандаги фестиваль аллақачон маҳаллий тадбир доирасидан чиқиб, маданий ташаббуслар, таълим лойиҳалари ва ишбилармонлик форумларини ўзида жамлаган кўп қиррали халқаро платформага айланиб улгургани таъкидланган. Жорий йилги дастурга киритилган экология, инновациялар ва барқарор ривожланиш билан боғлиқ тадбирларнинг аҳамияти алоҳида қайд этилган.
Швейцария нашрлари фестивалнинг маданий-гуманитар самарасига ҳам эътибор қаратган. Уларнинг баҳолашича, бундай кенг кўламли тадбирларнинг ўтказилиши маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, халқ дипломатиясини ривожлантириш ва Ўзбекистоннинг хориждаги ижобий қиёфасини шакллантиришга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида муаллифлар Намангандаги Халқаро гуллар фестивали минтақавий ташаббуслар қандай қилиб халқаро аҳамият касб этиши ва жаҳон маданий маконининг бир қисмига айланиши мумкинлигининг ёрқин намунаси эканини таъкидлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

“Infora News”: Сўнгги тўққиз йилда Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,7 баробарга ошди



