Ўзбекистон Самарқанднинг тарихий мероси ҳақидаги постлар сабабли Эронга норозилик билдирди
Октябрь 25, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 19
ТОШКЕНТ, 25 октябрь. /“Дунё” АА/. Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг Тошкентдаги элчиси Муҳаммад Али Искандарийни чақиртириб, Эроннинг хориждаги қатор дипломатик ваколатхоналари томонидан Самарқанд меросининг сиёсий мақсадларда талқин қилинишига оид Х ижтимоий тармоғидаги постлар юзасидан унга норозилик нотасини топширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон ТИВнинг маълум қилишича, Тошкент томони шаҳарнинг тарихий-маданий меросини бирёқлама ва сиёсийлаштирилган ҳолда талқин қилиш деб баҳолаган ушбу постлар юзасидан Эрон томонига қатъий эътироз билдирган.
Бунга Эроннинг Арманистон ва Зимбабведаги элчихоналари АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Самарқанддаги Регистон майдони фонида тушган тасвирларини жойлаштиргани сабаб бўлган. Хабарларда тарихий обидаларнинг меъморий равоқлари “Эрон ислом цивилизацияси”га хос хусусиятлар сифатида таъкидланган.
Ўзбекистон ТИВда Самарқанд, Бухоро, Хива ва мамлакатнинг бошқа тарихий шаҳарлари мероси кўп асрлар давомида шакллангани ҳамда ўзбек халқининг тарихи, давлатчилик анъаналари ва маданий тараққиётини акс эттириши алоҳида таъкидланган.
Ўзбекистон томони баҳсли постларни ўчириб ташлашни ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймасликни талаб қилган. Шу билан бирга, вазирлик Ўзбекистон Эрон билан ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатларни қадрлашини ҳамда тарихий-маданий мерос масалалари бўйича ўз позициясини изчил ҳимоя қилиш ниятида эканини қайд этган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси