“Seoul City”: Ўзбекистоннинг урбанизация соҳасидаги ислоҳотлари эътирофга лойиқ

Июнь 04, 2026. 16:55 • 2 дақ

125
“Seoul City”: Ўзбекистоннинг урбанизация соҳасидаги ислоҳотлари эътирофга лойиқ

СЕУЛ, 4 июнь. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг нуфузли “Seoul City” газетасида “Боку – WUF-13: барча муносиб уй-жой, хавфсиз ва барқарор шаҳарларда яшашга ҳақли” сарлавҳали мақола  эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, Боку шаҳрида БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури (UN-Habitat) шафелигида Бутунжаҳон урбанизация форумининг 13-сессияси доирасидаги Етакчилар саммити ўтказилган. Ушбу нуфузли саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.

Сўнгги йилларда бутун дунёда уй-жой қурилиши ва урбанизация соҳасига катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада БМТ томонидан “Шаҳар – қишлоқ бир тизим” концепцияси ишлаб чиқилган. Унга кўра, шаҳар алоҳида маъмурий ҳудуд эмас, балки атрофдаги ҳудудлар билан ягона транспорт, иқтисодий, озиқ-овқат ва экологик тизимни ташкил этади.

Ўзбекистонда ҳам Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклиф ва ташаббуслари асосида уй-жой қурилиши ва урбанизация соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида сўнгги саккиз йилда мамлакатда 120 миллион квадрат метрдан ортиқ ёки 600 мингдан зиёд хонадон қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Шунингдек ўқинг

Уй-жой сотиб олишга кўмаклашиш учун 541 минг нафар фуқарога 103 триллион сўм миқдорида имтиёзли ипотека кредитлари ва субсидиялар ажратилди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида урбанизация даражаси 1991 йилдаги 40,3 фоиздан 51 фоизга етди.

Урбанизация соҳасида ишларни самарали ва тизимли амалга ошириш мақсадида Президент фармони билан, Ўзбекистон Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ташкил этилди. Ушбу давлат идорасига урбанизация жараёнлари, уй-жой қурилиши, реновация ва ипотека соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек, ушбу йўналишдаги дастурларни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бўйича кўплаб вазифалар юклатилди.

Нашрнинг маълум қилишича, Бокудаги форум давомида ижтимоий уй-жой қурилиши, норасмий аҳоли пунктларини модернизация қилиш, транспорт, сув таъминоти, санитария ва чиқиндиларни бошқариш каби шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек аҳоли турмуш сифатини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

БМТ урбанизациянинг иқлим ва рақамлаштириш билан боғлиқ жиҳатларига ҳам катта аҳамият бермоқда. Шаҳарлар иқлим инқирозининг асосий майдони сифатида қаралмоқда ва 2030 йилгача иқлимга чидамли инфратузилма яратиш учун ҳар йили 4,5–5,4 триллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция талаб қилиниши таъкидланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш