Logo

Бельгия ОАВ: ШҲТнинг рақамли кун тартибини амалга ошириш жараёни муҳим босқичга кирди

Сентябрь 01, 2025. 16:27 • 2 дақ

51
Бельгия ОАВ: ШҲТнинг рақамли кун тартибини амалга ошириш жараёни муҳим босқичга кирди

БРЮССЕЛЬ. 1 сентябрь. /"Дунё" АА/. Бельгиянинг "Eureflect.com" сайтида "ШҲТнинг рақамли ривожланиш стратегияси: имкониятлар ва муаммолар" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ўзининг рақамли кун тартибини амалга оширишда муҳим босқичга кирди. Сўнгги беш йил ичида ташкилот рақамлаштиришни тобора фаол равишда деярли барча йўналишларга – электрон бошқарув ва трансчегаравий савдодан тортиб киберхавфсизлик, инфратузилма ривожлантириш ҳамда сунъий интеллектгача – жорий этмоқда. Бироқ, декларациялардан амалиётга ўтилар экан, ШҲТ технологик номутаносибликлар, суверенитетлар ўртасидаги рақобат ва ташқи геосиёсий босимлар билан белгиланадиган мураккаб шароитга дуч келмоқда", – деб ёзилган нашрда.

Таъкидланишича, аъзо давлатларнинг сиёсий раҳбарияти рақамли трансформацияни энг муҳим стратегик устувор йўналишлардан бири деб белгилаган. Рақамлаштириш ташкилотнинг узоқ муддатли ривожланиш режаларига ва институционал архитектурасига киритилган.

Бу қатор асосий ҳужжатларда акс этган: 2020 йилда қабул қилинган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг Рақамли иқтисодиёт ҳақидаги баёноти, 2023 йилдаги Рақамли трансформация тўғрисидаги баёнот ҳамда 2025 йил июнида тасдиқланган Рақамли трансформация бўйича Ҳаракатлар режаси.

"Шу билан ШҲТ рақамли трансформацияни эндиликда тор соҳавий масала сифатида эмас, балки минтақавий интеграция ва тобора иккига бўлинаётган глобал технологик тартибда стратегик автономия учун асос сифатида кўрмоқда", – дейилган манбада.

Қайд этилича, ташкилотнинг рақамли интеграцияга тобора кўпроқ йўналишини бир қатор жараёнлар тасдиқлайди.

Жумладан трансчегаравий электрон тижорат жадал ўсмоқда. 2024 йилда Хитой ва ШҲТнинг бошқа мамлакатлари ўртасида рақамли платформалар орқали амалга оширилган савдо ҳажми 14 фоизга ошиб, 12,8 миллиард долларга етди. Алибаба ва JD.com каби хитой компаниялари Қозоғистон, Ўзбекистон ва Покистонда фаолиятини кенгайтириб, Пекиннинг минтақавий платформа иқтисодиётидаги етакчилигини мустаҳкамлади.

"ШҲТнинг рақамли трансформация стратегияси кенг қамровли ва ўз вақтида ишлаб чиқилган. Бу глобал бошқарувдаги бўшлиқларни тўлдиришга интилаётган минтақавий ташкилотлар тенденциясини акс эттиради. Бироқ амбиция ўзи етарли эмас. Агар ШҲТ таркибий тафовутларни бартараф этмаса, меъёрий уйғунликни мустаҳкамласа ва аъзо давлатлар ўртасида бирдамликни кучайтирмаса, рақамли кун тартиби фақат декларатив тус олиб, стратегик қийматини йўқотиши мумкин", – деб ёзган муаллиф.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш