Туркий давлатлар олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда

Октябрь 29, 2026. 10:30 • 3 дақ

• 75
Туркий давлатлар олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда
Туркий давлатлар олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда

ҚОҲИРА, 29 октябрь. /“Дунё” АА/. Мисрнинг “Al-Khabar Al-Youm” ва “See News” нашрларида Туркий давлатлар ташкилотида олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ҳамкорлик лойиҳалари хусусида мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолаларда ёзилишича, бугунги глобаллашув ва рақамли трансформация шароитида олий таълим мамлакатларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, инновацион ривожланишни таъминлаш ва рақобатбардош кадрлар тайёрлашнинг муҳим омилига айланмоқда.

Туркий давлатлар ўртасида таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш стратегик аҳамият касб этади. Умумий тарих, яқин маданият ва маънавий қадриятларга таянган ҳамкорлик минтақада ягона академик маконни шакллантириш учун мустаҳкам замин яратади.

Ушбу жараёнда университетлар ўртасидаги академик алоқаларни кенгайтириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини ривожлантириш, қўшма илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш ҳамда таълим дастурларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш устувор вазифалар ҳисобланади.

Бундай ҳамкорлик нафақат таълим сифатини оширади, балки мамлакатларнинг илмий салоҳиятини бирлаштириш ва умумий муаммоларга самарали ечим топиш имконини ҳам беради.

Ўзбекистонда ушбу йўналишда амалга оширилаётган муҳим ташаббуслардан бири – Туркий давлатлар халқаро университетининг ташкил этилишидир. 2025 йил 24 январдаги Президент қарори асосида Тошкент шаҳрида ташкил этилган мазкур университет туркий давлатларнинг олий таълим, фан, инновациялар ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Университет фаолиятида Туркия, Озарбайжон ва Қозоғистоннинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. 2025/2026 ўқув йилида тиббиёт, компьютер муҳандислиги, электр муҳандислиги, қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва озиқ-овқат технологиялари бўйича бешта йўналишда мутахассислар тайёрлаш бошланди.

Шунингдек ўқинг

2026/2027 ўқув йилида нефть ва газ муҳандислиги, кимё муҳандислиги, геология-қидирув технологиялари, телекоммуникация технологиялари ҳамда халқаро ва қиёсий ҳуқуқ бўйича яна бешта йўналишни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Университетда замонавий таълим инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2026 йил март ойида тиббиёт талабалари учун клиник симуляция ва амалий кўникмалар марказининг ишга туширилиши назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштиришда муҳим қадам бўлди.

Муҳандислик ва дастурлаш соҳаларидаги лабораториялар, рақамли таълим платформаси, ахборот-ресурс маркази ва коворкинг майдонлари эса замонавий академик муҳитни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши — илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясидир. Университетларнинг корхоналар билан ҳамкорлигини кучайтириш, талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий қилиш битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини оширади.

Шунингдек, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, рақамли технологиялар, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича қўшма тадқиқотлар туркий давлатлар учун янги истиқболларни очади.

Туркий давлатлар ўртасида ягона академик маконни шакллантириш таълим натижаларини ўзаро тан олиш, қўшма диплом дастурларини кенгайтириш, стипендиялар ажратиш ва ёш олимларни қўллаб-қувватлашни ҳам тақозо этади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш