Туркия ОАВ Ўзбекистоннинг туркий давлатлар ҳамкорлигини мустаҳкамлашдаги ўрнини эътироф этмоқда

Октябрь 28, 2026. 18:30 • 3 дақ

• 162
Туркия ОАВ Ўзбекистоннинг туркий давлатлар ҳамкорлигини мустаҳкамлашдаги ўрнини эътироф этмоқда
Туркия ОАВ Ўзбекистоннинг туркий давлатлар ҳамкорлигини мустаҳкамлашдаги ўрнини эътироф этмоқда

АНҚАРА, 28 октябрь. /“Дунё” АА/. Туркиянинг нуфузли “Yeni Konya” ва “Daily Sabah” нашрларида Анқарада бўлиб ўтадиган саммит доирасида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) ривожида Ўзбекистоннинг тутган ўрни ҳақида мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Yeni Konya” нашри ТДТнинг бўлажак 13-саммитига бағишланган мақоласида Ўзбекистон ва Туркия Президентлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Режеп Таййип Эрдоған ўртасидаги ҳамкорлик ташкилотни мустаҳкамлаш ва унинг маконидаги алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган.

Мақолада Тошкент шаҳрида лойиҳа офисига эга бўладиган Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгашини тузиш, шунингдек, Туркий давлатлар саноат иттифоқини таъсис этиш бўйича расмий Тошкентнинг ташаббуслари алоҳида эътироф этилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва Марказий Осиёнинг халқаро шериклар билан алоқаларини мустаҳкамлашдаги роли алоҳида қайд этилган.

Инглиз тилида чоп этиладиган “Daily Sabah” кундалик газетаси саммитни иқтисодий нуқтаи назардан таҳлил қилган. Унга кўра, ТДТнинг 2027–2031 йилларга мўлжалланган стратегияси ишлаб чиқилиши савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси ва рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратади.

Мақолада ёзилишича, 2025 йил якунига келиб, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг умумий номинал ялпи ички маҳсулоти қарийб 2,3 триллион АҚШ долларига етган, умумий ташқи савдо айланмаси эса 1,2 триллион доллардан ошган.

Шунингдек ўқинг

Мақолаларда Ўзбекистоннинг иқтисодий истиқболларига алоҳида эътибор қаратилган. 2025 йилда мамлакатнинг ташқи савдо айланмаси 81,2 миллиард долларни ташкил этган, ТДТ давлатлари бозорларидаги қўшимча экспорт салоҳияти эса 2,7 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бу борадаги энг катта имкониятлар Туркия (1,8 миллиард доллар) ва Қозоғистон (500 миллион доллар) ҳиссасига тўғри келади.

Нашрда инвестициявий ҳамкорликнинг ўсиб бораётгани ҳам қайд этилган. 2017–2025 йилларда ТДТ мамлакатларидан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган сармоялар ҳажми 11,5 миллиард доллардан ошган. Ташкилот иштирокчилари орасида Туркия энг йирик инвесторга айланган. Республикада эса ушбу давлатлар капитали иштирокида 4,5 мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.

“Daily Sabah” истиқболли йўналишлар қаторида қўшма ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш, Туркий инвестиция жамғармаси орқали бизнесни молиялаштириш кўламини кенгайтириш ва транспорт йўналишларини такомиллаштириш масалаларини алоҳида ёритган.

Хусусан, Европа бозорларига чиқиш имкониятларини яхшилаш мақсадида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини Ўрта йўлак билан туташтириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши сифатида рақамли интеграцияга, жумладан, Ўзбекистоннинг “Рақамли туркий йўлак”ни яратиш ва сунъий интеллект соҳасида қўшма лойиҳаларни ривожлантириш ташаббусларига ҳам тўхталиб ўтилган.

Туркия матбуоти экспортни ошириш, инвестицияларни жалб этиш, транспорт ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш истиқболларига эътибор қаратган ҳолда, Ўзбекистонни туркий давлатларнинг иқтисодий интеграциясини чуқурлаштириш жараёнининг муҳим иштирокчиларидан бири сифатида эътироф этган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш