Logo

Германия ОАВ: Ўзбекистон янги шаклланаётган Евроосиё логистикасининг фаол иштирокчисига айланмоқда

Август 07, 2025. 13:10 • 3 дақ

53
Германия ОАВ: Ўзбекистон янги шаклланаётган Евроосиё логистикасининг фаол иштирокчисига айланмоқда

БЕРЛИН, 7 август. /"Дунё" АА/. Германиянинг "Stimme-Der-Hauptstadt.de" ва www.berliner-telegraph.de каби онлайн нашрларида Ўзбекистон Президентининг Туркманистонда бўлиб ўтган БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясидаги иштирокига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

"Президент Шавкат Мирзиёев 5 август куни БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясига иштирок этиш учун Туркманистонга ташриф буюрди. У ерда уни Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов кутиб олди", – дейилади нашрларда.

Таъкидланишича, БМТ ва Туркманистон ҳукумати ҳамкорлигида ўтказилган халқаро анжуманга дунёнинг 32та денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатлари раҳбарлари, 100дан ортиқ юқори даражадаги ҳукумат делегациялари ташриф буюриб, конференция доирасида ташкил этилган сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий тадбирларда иштирок этди. Марказий Осиё кунлари, минтақа давлатларининг миллий ютуқлари, сармоявий ва инфратузилма лойиҳаларига бағишланган кўргазмалар ўтказилди.

Мақолада ёзилишича, ҳар ўн йилда бир марта ўтказиладиган мазкур конференция халқаро транспорт ва логистика соҳасида муҳим қарорлар қабул қилишда муҳим аҳамият касб этади. Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича I конференция 2003 йилнинг 28-29 август кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида, II конференция 2014 йил 3-5 ноябрь кунлари Австриянинг Вена шаҳрида бўлиб ўтган. Конференция маҳсули сифатида Олмаота Ҳаракатлар дастури, 2014-2024 йилларга мўлжалланган Вена Ҳаракат дастури қабул қилинган.

Немис нашрлари, ўз ўқувчилари эътиборини Ўзбекистоннинг халқаро жаҳон савдо майдонига чиқиш йўлидаги саъй-ҳаракатларига қаратган. "Ўзбекистон барқарор транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, савдо йўналишларини диверсификация қилиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида фаол иш олиб бормоқда", – деб ёзилган манбаларда.

Шунингдек, мақолаларда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2022 йилда Ўзбекистон ташаббуси билан 40та давлат билан ҳаммуаллифликда қабул қилинган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш бўйича махсус резолюция қабул қилингани, мамлакат Трансафғон темир йўли қурилиши, Ўрта транспорт йўлагини ривожлантириш, "Бир макон, бир йўл" ташаббуси, Хитой-Марказий Осиё лойиҳалари каби йирик лойиҳаларда фаол иштирок этаётганига урғу берилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ҳам ўзининг глобал ташаббусларини илгари сурмоқда.

Мамлакатнинг бундай кўп томонлама ёндашуви ўз натижасини кўрсатмоқда. Жумладан, Ўзбекистон орқали транзит ташиш ҳажми ўсмоқда, унинг Евроосиёдаги транспорт хаби сифатидаги роли ошиб бормоқда. Объектив географик чекловларга қарамай, мамлакат ташқи хавф-хатарларга чидамлилигини кучайтирган ҳолда, жаҳон иқтисодиётига тўлиқ интеграциялашувига йўл очмоқда.

"Бугун Ўзбекистон ўзининг денгиздан икки карра узоқликда жойлашувига қийинчилик эмас, балки уни янги шаклланаётган Евроосиё логистикасининг фаол иштирокчисига айлантирувчи стратегик омил сифатида қарамоқда", – дейилади мақолаларда.

Мақолалар "Ўзбекистон раҳбарининг БМТ Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясидаги иштироки республиканинг халқаро ва минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва мавжуд муаммоларнинг истиқболли ечимларини топишга интилишини намоён қилди", – деган сўзлар билан якунланган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш