Катта Манчестер мери Буюк Британия Бош вазири лавозимига асосий даъвогар сифатида кўрилмоқда
Июнь 23, 2026. 19:16 • 3 дақ
• 36
ЛОНДОН, 23 июнь. /“Дунё” АА/. Катта Манчестер мери Энди Бёрнем Кир Стармер истеъфога чиқишини эълон қилганидан сўнг, Лейбористлар партияси етакчиси ва Буюк Британия Бош вазири лавозимига асосий даъвогарга айланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “The Guardian” нашрига таяниб.
Эслатиб ўтамиз, Кир Стармер икки йил ҳокимиятда бўлганидан сўнг яқин ҳафталарда ўз лавозимини тарк этиш ниятини маълум қилган эди. Унинг бу қарори ҳукумат обрўсининг тушиб кетиши ва партия ичидаги босимнинг ортиши фонида қабул қилинди.
Илгари Британия ҳукуматида вазирлик лавозимларида ишлаган Энди Бёрнем ўтган ҳафта бўлиб ўтган навбатдан ташқари сайловларда Жамоалар палатасига сайланди. У Лейбористлар партияси раҳбарияти учун курашиш ниятини очиқ эълон қилган.
Сиёсатчининг мавқеи унинг асосий рақиби саналган собиқ соғлиқни сақлаш вазири Уэс Стритинг ўз номзодини қўллаб-қувватлашини эълон қилганидан кейин янада мустаҳкамланди.
Қоидаларга кўра, партия етакчиси лавозимига номзодлар кўрсатиш 9 июлда бошланиб, бир ҳафтадан сўнг якунланади. Агар Энди Бёрнем ягона номзод бўлиб қолса, у 17 июлгача ҳукуматни бошқариши мумкин. Партия ичида сайлов ўтказилган тақдирда эса, янги етакчи парламент ёзги таътилдан сўнг, яъни 1 сентябрда иш бошлагунига қадар аниқланиши керак.
55 ёшли Энди Бёрнем Катта Манчестер мери лавозимида ишлаб, кенг шуҳрат қозонган. У бу ерда ҳудудни ривожлантириш бўйича йирик лойиҳаларга раҳбарлик қилган. Сиёсатчи ўзининг “манчестеризм” деб ном олган бошқарув ёндашувини бутун мамлакатга ёйиш ниятида эканини билдирмоқда. У аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазири, Маданият, оммавий ахборот воситалари ва спорт вазири ҳамда Ғазначилик бош котиби лавозимларида фаолият юритган.
Лейбористлар партиясининг кўплаб аъзолари Энди Бёрнемнинг етакчилик қобилияти ва мулоқот маҳорати партияга сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашини қайта тиклашга ёрдам беради, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, бир қатор депутатлар унинг кўплаб асосий масалалар, жумладан, иқтисодий сиёсат борасидаги қарашлари ҳозирча етарлича маълум эмаслигини таъкидламоқда.
Келаси ҳафта сиёсатчи ўз иқтисодий дастурининг асосий қоидаларини тақдим этиши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, лейбористлар машҳурлиги пасайиб бораётган бир пайтда, партия либерал электоратнинг бир қисмини “Яшиллар”га бой бермоқда. Айни вақтда бир қатор умуммиллий ижтимоий сўровларда пешқадамлик қилаётган Найжел Фараж бошчилигидаги “Reform UK” партиясини қўллаб-қувватлаш кучайиб бормоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси