«The Brussels Times»: Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик иқтисодий ва савдо шериги ҳисобланади
Январ 23, 2024. 17:38 • 2 дақ
• 132
БРЮССЕЛЬ, 24 январь. /«Дунё» АА/. Бельгиянинг «The Brussels Times» порталида Ўзбекистон ва Хитой муносабатларига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мақолада таъкидланганидек, Ўзбекистон–Хитой ҳамкорлигининг замонавий босқичи 1992 йил 2 январда, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, халқаро ҳамжамиятнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида Хитой Халқ Республикаси билан дипломатик муносабатлар ўрнатган онлардан бошланди.
«Икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг тарихий илдизлари узоқ асрларга бориб тақалади ва бугунги кунда ҳозирги босқичда самарали, ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Минтақаларни боғлаб турган, ўзаро ҳамкорлик ва маданий алмашинувга туртки бўлган қадимий Ипак йўли бугунги кунда янгича аҳамият касб этиб, ўз навбатида мамлакатлар ва халқлар ўртасида иқтисодий, маданий ва гуманитар кўприк бўлиб хизмат қилишни давом этмоқда», - деб ёзган Бельгия электрон нашри.
Хусусан, сўнгги етти йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва ХХР Раиси Си Цзиньпин кўп томонлама саммитларда учрашдилар, икки мамлакат раҳбарларининг ўзаро давлат, расмий ва амалий ташрифлари бўлиб ўтди, қатор телефон мулоқотлари амалга оширилди. ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг 2022 йил сентябрдаги Ўзбекистонга ташрифи, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил ва 2023 йил май ойларида Хитойга буюрган давлат ташрифлари икки томонлама муносабатлар ривожида кучли туртки бўлди.
«Бугунги кунда Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик иқтисодий ва савдо шериги ҳисобланади. 2023 йилнинг январь-ноябрь ойларида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 12,2 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилги кўрсаткичдан 34 фоизга ошди»,- маълум қилинган манбада.
Бельгия ОАВда қайд этилишича, Хитой Ўзбекистондаги энг йирик сармоядорлардан биридир. 2017-2022 йилларда Хитой сармояларининг ўзлаштирилган умумий ҳажми салкам 11 миллиард долларга тенг бўлди. «Тўғридан-тўғри Хитой сармоялари бугунги кунда мамлакат иқтисодиётининг кўплаб тармоқларида, жумладан, кимё саноати, нефть-газ сектори, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат ва бошқа соҳаларда фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда йирик сармоявий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этаётган Хитой компаниялари сони муттасил ортиб бораётир», - деб ёзган «The Brussels Times».
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
“The Financial Times”: Ўзбекистонлик ёш гроссмейстерлар жаҳон шахмат майдонини забт этмоқда
Кувайт ОАВ: Ўзбекистон туристлар учун жозибали мамлакатга айланмоқда