"Berita RTM": Юқори технологик лойиҳаларни илгари суриш бўйича махсус Ўзбекистон-Малайзия саноат зонаси ташкил этилади

Февраль 05, 2025. 00:41 • 2 дақ

143
"Berita RTM": Юқори технологик лойиҳаларни илгари суриш бўйича махсус Ўзбекистон-Малайзия саноат зонаси ташкил этилади

КУАЛА-ЛУМПУР, 5 февраль. /"Дунё" АА/. Малайзиянинг "Berita RTM" давлат телерадиокомпанияси сайтида Ўзбекистон ва Малайзия икки томонлама муносабатларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Малайзия билан дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш ва кўп қиррали шерикликни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг Осиё йўналишидаги устувор йўналишларидан бири экани таъкидланган.

"Жорий йилда икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 33 йиллиги нишонланмоқда. Ўтган даврда Ўзбекистон-Малайзия муносабатлари дўстлик, тенглик, ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган ҳолда изчил ва самарали ривожланди", – дейилган нашрда.

Ўзбекистон ва Малайзия халқлари ўртасидаги анъанавий яқин дўстлик ришталари дин муштараклиги, урф-одатлар ва маданий қадриятларнинг ўхшашлигига асосланади.

Қайд этилишича, олий даражадаги ташрифлар ва давлатлараро мулоқотнинг йўлга қўйилган механизмлари икки томонлама ҳамкорликни илгари суриш ва чуқурлаштиришда муҳим роль ўйнади.

Шунингдек ўқинг

"Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Малайзия муносабатларида янада фаол динамика кузатила бошлади. Икки мамлакат етакчилари - Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим ўртасидаги фаол ва ишончли сиёсий мулоқот туфайли бугун икки давлат ҳамкорлиги янги мазмун билан бойиб, янада юқори даражага кўтарилмоқда", – деб таъкидланган мақолада.

Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг 2024 йил май ойида Ўзбекистонга буюрган ташрифи икки томонлама ҳамкорликнинг ривожига сезиларли ҳисса қўшди. Унинг якунида муҳим келишувларга эришилди ва мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш бўйича янги йўналишлар белгилаб олинди.

Шунингдек, ташриф доирасида Самарқандда ўтган Ўзбекистон-Малайзия бизнес-форуми якунида 3 миллиард АҚШ долларидан зиёд 19 та инвестиция битимидан иборат салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди.

Мақолада сўнгги йилларда мамлакатлар ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2020 йилдан буён 2,5 баробарга ошганлиги қайд этилган. Ўзбекистон ҳудудида Малайзия капитали иштирокидаги қўшма корхоналар сони 37 тага етгани хабар қилинган.

"Бундан ташқари, томонлар юқори технологик лойиҳаларни илгари суриш учун махсус Ўзбекистон-Малайзия саноат зонасини ташкил этишга келишиб олдилар. Албатта, унинг ташкил этилиши мамлакатлар ўртасидаги саноат кооперациясини сезиларли даражада чуқурлаштиришга ва юқори қўшилган қийматга эга қўшма лойиҳаларни шакллантиришга замин яратади", – деб ёзган "Berita RTM".

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш