“The Diplomatic Insight”: Самарқандда Ўзбекистон ва ОТБ ўртасида 2030 йилгача мўлжалланган янги шериклик дастури қабул қилинди

Май 12, 2026. 20:25 • 3 дақ

61
“The Diplomatic Insight”: Самарқандда Ўзбекистон ва ОТБ ўртасида 2030 йилгача мўлжалланган янги шериклик дастури қабул қилинди

ИСЛОМОБОД, 15 май. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The Diplomatic Insight” журналида “Осиё тараққиёт банкининг Самарқанд форуми: Замонавий чақириқлар ва тарихий аҳамият контекстида” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Май ойининг бошида Самарқанд шаҳрида Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши “Тараққиёт чорраҳалари: минтақанинг ўзаро боғлиқ келажагини илгари суриш» шиори остида бўлиб ўтди”, – дея маълум қилинган мақолада. – Форумнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маъруза билан иштирок этди ва Осиё тараққиёт банки билан келгусидаги ҳамкорликнинг асосий устувор йўналишларини белгилаб берди. Шунингдек, глобал иқтисодий чақириқлар ва технологияларнинг жадал ўзгариши шароитида барқарор ривожланиш учун янги механизм ва ёндашувларни жорий этиш зарурлигини таъкидланди.

Маълум қилинганидек, форумда 100 дан ортиқ давлатдан 4000 дан зиёд экспертлар, хорижий ҳукуматлар, халқаро молиявий институтлар, етакчи банклар ва йирик корпорациялар вакиллари қатнашди. Муҳокамаларнинг асосий мавзулари рақамли ва «яшил» трансформация, иқлим барқарорлиги, таъминот занжирларини ривожлантириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини қамраб олди.

“The Diplomatic Insight” журнали ёзганидек, Ўзбекистон 1995 йилда Осиё тараққиёт банкига аъзо бўлган. Ўтган 30 йил давомида банк мамлакат учун ишончли стратегик шерикка айланди. Ҳозирги кунда қўшма лойиҳалар портфели қарийб 16 миллиард долларга етган. Ўзбекистон операциялар ҳажми бўйича банкнинг минтақадаги энг йирик ҳамкорига айланиб, жаҳон миқёсида ҳам ОТБ операциялари бўйича биринчи ўнликка кирди.

2024 йил август ойида Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон учун 2024–2028 йилларга мўлжалланган янги Ҳамкорлик стратегиясини ишга туширди. Ушбу беш йиллик стратегия “Ўзбекистон–2030” тараққиёт стратегиясида белгиланган миллий устувор вазифаларга мувофиқ равишда “яшил” иқтисодиётга ўтишни қўллаб-қувватлаш, хусусий сектор ривожи ва рақобатбардошлигини ошириш ҳамда инсон капиталига инвестицияларни рағбатлантиришга қаратилган.

Шунингдек ўқинг

“Самарқанд форуми доирасида Ўзбекистон ва ОТБ ўртасида 2030 йилгача мўлжалланган янги шериклик дастури қабул қилинди. Унда умумий қиймати 12,5 миллиард доллар бўлган лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, улар инфратузилмани ривожлантириш, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, хусусий сектор ўсиши ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришни ўз ичига олади”, – дея қайд этган Покистон ОАВ.

Самарқандда бўлиб ўтган ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғини нафақат Ўзбекистон учун халқаро нуфузи ва янги ҳамкорлик дастурининг қабул қилиниши нуқтаи назаридан, балки бутун Осиё-Тинч океани минтақаси учун ҳам катта аҳамиятга эга бўлди.

 Мақолада, шунингдек, форум давомида икки йирик ташаббус ва “Муҳим минераллардан ишлаб чиқаришгача” янги дастурига старт берилгани маълум қилинган. Бу банкнинг Осиёда иқтисодий барқарорлик ва минтақавий интеграцияни мустаҳкамлашга қаратилган янгиланган стратегиясини акс эттиради.

“Форумнинг Самарқандда ўтказилиши ҳам рамзий маънога эга. Тарихан Шарқ ва Ғарб ўртасида савдо ва маданият чорраҳаси бўлган ушбу шаҳар яна бир бор минтақанинг келажагини шакллантириш марказига айланди. Айнан шу ерда бутун Осиёнинг тараққиёт йўлига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ташаббус ва қарорлар эълон қилинди ҳамда Самарқанднинг мулоқот ва стратегик қарашлар платформаси сифатидаги ўрни янада мустаҳкамланди”, – деб ёзган “The Diplomatic Insight”.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш