“Daily Independent”: Ўзбекистон ТДТ доирасида транспорт ва транзит йўналишидаги ташаббусларни илгари сурмоқда

Май 14, 2026. 21:25 • 3 дақ

65
“Daily Independent”: Ўзбекистон ТДТ доирасида транспорт ва транзит йўналишидаги ташаббусларни илгари сурмоқда

ИСЛОМОБОД, 14 май. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Daily Independent” нашрида “Транспорт ва транзит соҳасидаги муносабатлар туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий устунларидан бирига айланди” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” мухбири.

Мақолада таъкидланишича, шу йил 14–15 май кунлари Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)нинг норасмий саммити бўлиб ўтиши режалаштирилган. Мазкур тадбир ташкилот мавқеини янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликни чуқурлаштириш ва барча туркий давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш йўлида муҳим ижобий қадам бўлиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, бугунги кунда ТДТ аъзо давлатлар иқтисодиёт ва энергетикадан тортиб рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллектгача бўлган 40 дан ортиқ соҳада ҳамкорлик қилмоқда. Транспорт соҳаси аста-секин интеграциянинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда. ТДТ транспорт стратегиясининг асосий йўналишларидан бири – Шарқ ва Ғарбни, шунингдек Евроосиёнинг Шимоли ва Жанубини боғловчи халқаро коридорларни ривожлантиришга асосланган ягона транспорт маконини яратишдир.

“Ўзбекистон 2019 йилда ТДТга қўшилганидан сўнг, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик мамлакатнинг ташкилот доирасидаги ташқи иқтисодий стратегиясининг устувор йўналишига айланди. Глобал таъминот занжирларининг ўзгариши, Евроосиёда муқобил йўналишлар аҳамиятининг ортиши ва халқаро транспорт коридорлари ўртасидаги рақобат кучайиши шароитида Тошкент ТДТ учун ягона транспорт ва транзит маконини яратишга қаратилган ташаббусларни изчил илгари суриб келмоқда”, дея қайд этилган нашрда.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари ТДТни янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ТДТ маконида транспорт боғлиқлигини минтақавий интеграция ва иқтисодий тараққиётнинг асосий омили сифатида баҳолайди.

Ўзбекистон Президенти 2021 йил Туркияда бўлиб ўтган ТДТ саммитида транспорт ва транзит соҳасида тизимли ҳамкорлик зарурлигини таъкидлаб, амалда ташкилот доирасида янада комплекс ёндашувга ўтишга туртки берди. Бу йўналиш 2022 йилги Самарқанд саммитида янада ривожлантирилди. Унда Ўзбекистон мультимодал йўналишларни ривожлантириш, e-TIR, e-Permit ва e-CMR электрон тизимларини жорий этиш ташаббусини илгари сурди.

Ўзбекистон етакчиси 2023 йил Остона саммитида Ўзбекистон транспорт йўналишларини диверсификация қилиш ва бугунги геоиқтисодий шароитда Осиё билан Европани боғловчи истиқболли стратегик йўналиш сифатида аҳамият касб этаётган “Ўрта коридор”ни ривожлантириш масаласини яна бир бор илгари сурди.

2025 йил май ойида Венгрияда бўлиб ўтган ТДТнинг норасмий саммитида Ўзбекистон Транскаспий йўналиши бўйлаб “ягона дарча” тизимлари ва “яшил коридорлар”ни жадал жорий этишни қўллаб-қувватлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш