“The Nation”: Иқтисодий ҳамкорлик Ўзбекистоннинг ШҲТдаги иштирокининг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда
Август 28, 2026. 19:00 • 2 дақ
• 50
ИСЛОМОБОД, 28 август. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The Nation” нашрида Ўзбекистоннинг ШҲТдаги роли, иқтисодиёт, хавфсизлик ва минтақавий ҳамкорликка бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, ШҲТ аъзоси бўлган Ўзбекистон ташкилот тараққиётида муҳим роль ўйнамоқда. Ўтган давр ичида мамлакат ташкилотга тўрт марта раислик қилган. Давлат раҳбарларининг Тошкентда (2004, 2010, 2016) ҳамда Самарқандда (2022) ўтказилган саммитлари юксак савияда ташкил этилган.
Ҳозирда Ўзбекистон ташкилотнинг жорий кун тартибини шакллантиришда фаол иштирок этмоқда. Хавфсизлик масалалари, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, саноат ва технологик ҳамкорлик, маданий-гуманитар алоқалар ва минтақавий алоқаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Иқтисодий ҳамкорлик Ўзбекистоннинг ШҲТдаги иштирокининг асосий йўналишларидан биридир. Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар билан савдо алоқалари тобора ўсиб бормоқда. 2025 йилда мамлакатнинг ташқи савдо айланмаси 81,2 миллиард долларга етди, бу ўтган йилга нисбатан 20,7 фоизга кўпдир. Хитой, Россия ва Қозоғистон энг йирик савдо шериклари бўлиб, улар умумий ташқи савдонинг тахминан 43 фоизини ташкил қилади.
Нашрда таъкидланишича, денгизга чиқиш имкони бўлмаган Ўзбекистон учун йўналиш тармоғини кенгайтириш барқарор иқтисодий ривожланишнинг асосий шарти ҳисобланади. Шу маънода, ҳозирда қурилаётган “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли алоҳида аҳамиятга эга.
Йиллар давомида ташкилот терроризм, сепаратизм ва экстремизм, уюшган жиноятчилик ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш учун самарали тизим яратди. Бунда Ўзбекистон томонининг таклиф ва ташаббуслари алоҳида аҳамиятга эгадир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси