“Orient” АА: Тошкент Марказий Осиёдаги йирик тўқимачилик кўргазмасига мезбонлик қилади
Август 27, 2026. 19:30 • 2 дақ
• 88
АШХОБОД, 27 август. /“Дунё” АА/. Туркманистоннинг “Orient” ахборот агентлигида 8–10 сентябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари CAITME 2026” 17-Марказий Осиё халқаро кўргазмасига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада жорий йилги кўргазмада 17 мамлакатдан 250 та компания ва бренд иштирок этиши, Германия миллий павильон билан қатнашиши, Австрия, Ҳиндистон, Италия, Хитой, Туркия, АҚШ, Швейцария ва бошқа давлатларнинг етакчи компаниялари ўз технологияларини намойиш этиши қайд этилган.
Нашр мазкур кўргазмани Марказий Осиёнинг тўқимачилик ва тикувчилик саноати учун муҳим халқаро майдон сифатида баҳолаб, уни тармоқни модернизация қилиш, илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва маҳсулотларнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлашдаги аҳамиятини таъкидлаган.
Шунингдек, тадбирда Европа ва Осиёнинг йирик тўқимачилик ускуналари ишлаб чиқарувчилари ҳамда замонавий технологиялар етказиб берувчиларининг маҳсулотлари намойиш этилиши маълум қилинган.
Бундан ташқари, материалда кўргазманинг муҳим янгиликларидан бири сифатида 9 сентябрь куни илк бор ўтказиладиган “TextileExpo Uzbekistan Sourcing Hub” лойиҳасига ҳам эътибор қаратилган.
Унда тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари, савдо тармоқлари, фабрикалар ва соҳавий компаниялар харидорлари сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда рақамли форматда тўғридан-тўғри B2B форматида музокаралар ўтказиши қайд этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси