Берлинда ўзбек тили байрами кенг нишонланди
Октябрь 28, 2026. 19:00 • 3 дақ
• 116БЕРЛИН, 28 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллиги муносабати билан “Она тили – миллат фахри” мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Германияда меҳнат қилаётган, таҳсил олаётган ва доимий истиқомат қилаётган ватандошлар ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти, таржимон Ҳафиза Қўчқорова иштирок этди.
Мамлакатимизнинг Германиядаги элчиси Дилшод Ахатов ҳамюртларимизни байрам билан қутлаб, она тили тарихий хотира ва миллий ўзликни ўзида мужассам этган бебаҳо бойлик эканини таъкидлади.
У давлат тили мақомини юксалтириш, унинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга қаратилган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди. Дипломат рақамли технологиялар ва сунъий интеллект шароитида ўзбек тили ва маданияти марказларини очиш, тилни замонавий ахборот технологияларига интеграция қилиш ҳамда ундан рақамли маконда кенг фойдаланиш долзарб аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди.
Давра суҳбати давомида миллий ўзликни асраб-авайлаш, маданий меросни келажак авлодларга етказиш ва хориждаги ватандошларнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлашда она тилининг тутган ўрни муҳокама қилинди.
Германияда вояга етаётган болалар ва ёшларга ўзбек тилини ўргатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги меҳнат миграцияси, таълим ҳамда касбий алоқалар кенгайиб бораётган бир пайтда хорижда тил ўрганиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тобора муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этдилар.
“Германиядаги ўзбек оилаларининг фарзандлари ўз она тилини мукаммал билиши, ўз маданияти ва қадриятларидан узилиб қолмаслиги ғоят муҳим. Шу боис хориждаги болаларнинг тил ўрганиши ва таълим эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда махсус дарсликлар, бадиий адабиётлар ҳамда ўқув қўлланмаларини яратиш ва нашр этиш мақсадга мувофиқ”, – деди бошланғич синфларда немис тили фани ўқитувчиси Алишер Қодиров.
Ватандошлар Германияда ўзбек тилини ўрганиш ва ўқитиш имкониятларини кенгайтириш, ёшларни миллий адабиётимиз ҳамда маданиятимизга ошно этиш бўйича амалий таклифларни илгари сурдилар. Элчихонанинг ватандошлар фарзандлари учун ўзбек тили курсларини ташкил этиш лойиҳасини рўёбга чиқариш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
“Ватан қанчалик олисда бўлмасин, у ҳамиша қалбимиздадир. Ўзбекистонга бўлган муҳаббат ва она тилига эҳтиром, қаерда яшамайлик, бизни Ватан билан боғлаб туради. Она тилимизни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодларга безавол етказиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир”, – деди Ҳафиза Қўчқорова.
Берлинда фаолият юритаётган муҳандис Шаҳриддин Қорахонов Ўзбекистон, Европа ва бутун дунёдаги барча ватандошларни байрам билан самимий табриклади. Унинг сўзларига кўра, мамлакатимизда она тилига қаратилаётган юксак эътибор, унинг нуфузини ошириш ва жаҳон миқёсида тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳар бир инсонни қувонтиради.
Ўзбек муҳандиси она тили халқнинг миллий ўзлиги, тарихи ва маънавиятининг ажралмас қисми эканини алоҳида таъкидлади. У ўзбекона ғурур ва ўз халқига дахлдорлик туйғуси йўғрилган шеърий мисралардан намуналар ўқиди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




