Logo

"Lookwe": Ўзбекистон глобал муаммоларни ҳал қилишга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этмоқда

Август 06, 2025. 17:04 • 2 дақ

77
"Lookwe": Ўзбекистон глобал муаммоларни ҳал қилишга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этмоқда

ПЕКИН, 7 август. / "Дунё" АА/. Хитойнинг "Lookwe" журналида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5 август куни Туркманистоннинг "Аваза" миллий сайёҳлик ҳудудида бўлиб ўтган БМТнинг Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатларнинг III конференциясидаги иштирокига бағишланган "Ўзбекистон келажакка йўналтирилган янги транспорт йўналишларини очмоқда" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Туркманистон ҳукумати томонидан ташкил этилган ушбу форумда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, давлат ва ҳукумат раҳбарлари ҳамда ривожланаётган давлатлар вакиллари иштирок этди.

"Ўзбекистон махсус муаммоларни ҳал қилишга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этмоқда. Хусусан, барқарор транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, савдо йўналишларини диверсификация қилиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда. Улар миллий тараққиёт стратегиясининг асосий йўналишларидан бирига айланди, бу эса БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш билан бевосита боғлиқ",- деб ёзилган мақолада.

Шунингдек, нашрда 2022 йилда БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон томонидан 40 давлат билан ҳаммуаллифликда илгари сурилган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича махсус резолюцияни бир овоздан маъқуллагани таъкидланган.

"Президент Шавкат Мирзиёевнинг мазкур конференциясидаги иштироки халқаро бирдамликни мустаҳкамлаш ва муҳокама қилинаётган муаммолар бўйича барқарор ечимларни топишга содиқликни яна бир бор тасдиқлайди. Шунингдек, денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти бўлмаган давлатларни глобал иқтисодий жараёнларга интеграциялашув бўйича янги кун тартибини шакллантиришга конструктив ҳисса қўшиш имконини беради", - деб ёзилган "Lookwe" мақоласида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш