“Global News Pakistan”: Ўзбекистонда сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда
Ноябрь 06, 2026. 16:30 • 3 дақ
• 131
ИСЛОМОБОД, 6 ноябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Global News Pakistan” ахборот агентлиги сайтида “Сунъий интеллект соҳасидаги хавфсизлик – халқаро ҳамкорлик доирасида” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, жорий йил 6 ноябрь куни Остона шаҳрида “Сунъий интеллект соҳасидаги хавфсизлик” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади. Мазкур конференцияда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этади.
“Ўзбекистонда ҳам сунъий интеллект (СИ) технологияларини ривожлантириш бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади, – деб таъкидлаган муаллиф. – Бунда СИ технологиялари ва уларни тартибга солиш тизими ўзаро уйғун равишда ривожланиб бормоқда. 2024 йил октябрь ойида 2030 йилгача сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш стратегияси тасдиқланди”.
Мазкур стратегияда СИ асосидаги дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш, илмий лабораториялар ташкил этиш ҳамда СИга тайёргарлик индекси бўйича дунёнинг энг илғор 50 та давлати қаторидан жой олиш мақсадлари белгилангани қайд этилган. Мақолада, Ўзбекистон Президентининг 2025 йил октябрь ойидаги тегишли фармони билан 2026 йил охиригача олий таълим муассасаларида 15 та сунъий интеллект лабораториясини ташкил этиш вазифаси қўйилгани, 2026 йилда Ўзбекистон Сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Бутунжаҳон ташкилоти (WAICO)га аъзо бўлгани хабар қилинган.
“Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда сунъий интеллект технологияларини қўллаш алоҳида лойиҳалар доирасидан чиқиб, тизимли фойдаланиш босқичига ўтмоқда. 2026 йил июль ойида “Рақамли ҳукумат” маълумотлар марказида NVIDIA технологиялари асосида яратилган биринчи суперкомпютер фойдаланишга топширилди. У ҳисоблаш қуввати бўйича жаҳон рейтингида 321-ўринни эгаллади. Дастлабки бир ой давомида ҳисоблаш кластерига тушган юклама 90 фоизга етди. Бу эса сунъий интеллект учун ҳисоблаш қувватларига талаб юқори эканидан далолат беради. Келгуси бир йил ичида ушбу қувватларни уч баравар ошириш режалаштирилган”, – дейилган мақолада.
Шунингдек, Сунъий интеллектни жорий этишга тайёргарлик рейтингида Ўзбекистон 25 поғонага юқорилаб, 62-ўринни эгаллаганини маълум қилинган. Бу халқаро баҳолаш натижаларида амалга оширилаётган ишларнинг ўз аксини топаётганини кўрсатади. 2030 йилга қадар мазкур индекс бўйича дунёнинг энг илғор 50 та давлати қаторига кириш мақсади белгиланган.
Муаллиф ўз мақоласига “Остонада “Сунъий интеллект соҳасидаги хавфсизлик” мавзусида ўтказиладиган халқаро конференция нафақат Ўзбекистон ва Қозоғистон, балки бошқа давлатлар учун ҳам ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга. Конференция давомида ушбу йўналишда мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўллари муҳокама қилинади ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган давлатлараро ҳамкорлик механизмлари таклиф этилади. Ўзбекистон эса тўпланган тажрибага таянган ҳолда конференция ишига ва унинг якуний қарорларини ишлаб чиқишга муносиб ҳисса қўшади”, – дея хулоса ясаган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси