“Avesta” АА: Ўзбекистон сунъий интеллект даврида фуқароларни ҳимоя қилиш механизмларини ривожлантирмоқда
Ноябрь 05, 2026. 18:50 • 2 дақ
• 96
ДУШАНБЕ, 5 ноябрь. /“Дунё” АА/. Тожикистоннинг “Avesta” ахборот агентлигида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти Фарҳод Туткабаевнинг “Сунъий интеллект соҳасида хавфсизлик – халқаро ҳамкорликда” сарлавҳали таҳлилий мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада жорий йилнинг 6 ноябрь куни Остона шаҳрида ўтадиган “Сунъий интеллект соҳасида хавфсизлик” мавзусидаги халқаро конференция алоҳида қайд этилган. Сунъий интеллектни жорий этиш меҳнат унумдорлигини ошириши, бюджет харажатларини қисқартириши ва давлат хизматлари сифатини яхшилаши таъкидланган. Ҳисоб-китобларга кўра, глобал СИ бозори 2030 йилга бориб 20 триллион доллардан ошиши, Ўзбекистонда эса СИ асосидаги хизматлар ҳажми 10 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Нашрда Ўзбекистоннинг бу борадаги амалий қадамлари ёритилган. 2030 йилгача сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси, 2026 йил январда қабул қилинган қонун, шунингдек, этика қоидалари қабул қилингани эслатиб ўтилган. 2026 йил июль ойида “Рақамли ҳукумат” дата-марказида NVIDIA технологияларига асосланган биринчи суперкомпьютер ишга туширилгани, мамлакат СИга тайёргарлик индексида 25 поғонага кўтарилиб, 62-ўринни эгаллагани қайд этилган. Йил охиригача соғлиқни сақлаш, энергетика, банк ва транспорт соҳаларида камида 100 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, материалда киберхавфсизлик масалаларига ҳам урғу берилган. Охирги олти йилда кибержиноятлар бўйича мурожаатлар 48 баробар ошган. Ички ишлар вазирлиги ва Марказий банк ҳамкорлигида яратилган СИ тизими 2026 йилнинг биринчи ярмида 29 триллион сўмнинг ҳисобдан чиқарилишини олдини олиш ва 18,8 мингдан ортиқ гумонли банк карталарини блоклаш имконини берди. Бундан ташқари, энергетика ва сув ресурсларига юклама ҳамда кадрлар тайёрлаш, жумладан, “Беш миллион сунъий интеллект етакчиси” лойиҳаси муҳокама қилинган.
Якунда СИ хавфсизлиги миллий чегаралар билан чекланмаслиги ва давлатлар ўртасидаги мувофиқлаштиришни талаб этиши қайд этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси