Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш мақсадида қонунчиликни уйғунлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштирди

Ноябрь 22, 2023. 09:30 • 2 дақ

248
Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш мақсадида қонунчиликни уйғунлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштирди

ЖЕНЕВА, 22 ноябрь. /"Дунё" АА/. Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) сайтида "Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш жараёнига янги туртки бермоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда маълум қилинганидек, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг сўнгги йиғилишида аъзо давлатлар республика ҳукуматининг ташкилотга қўшилиш бўйича музокараларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатлари фаоллашганини юқори баҳоладилар.


"Катта делегациянинг иштироки Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш борасидаги қатъий ва жиддий содиқлигини акс эттиради", дея баёнот берди ишчи гуруҳ раиси, Корея Республикаси элчиси Юн Сон Док. Элчи, шунингдек, июнь-октябрь ойлари давомида Ўзбекистон ишчи гуруҳининг еттинчи йиғилиши учун ташкилотга қўшилиш бўйича музокараларни жадаллаштиришга қаратилган бир қатор янгиланган ҳужжатларни тақдим этганини ҳам таъкидлади.


Шунингдек ўқинг

Муаллифнинг қайд этишича, ЖСТ Бош директорининг ўринбосари Сянчен Чжан ишчи гуруҳга мурожаатида институционал ўзгаришларни, ички мувофиқлаштириш ва Ўзбекистон томонидан тақдим этилган музокаралар учун қўшимча материалларни қўллаб-қувватлаганини таъкидлаган. Хусусан, у ЖСТ қоидаларига мувофиқлигини таъминлаш учун қонун ҳужжатларини кўриб чиқиш механизмининг институционализациясига юқори баҳо берган.


Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон ишчи гуруҳнинг сўнгги йиғилишидан буён Грузия, Мўғулистон, Нигерия, Туркия ва Саудия Арабистони каби беш аъзо мамлакат билан икки томонлама битимлар имзоланиши ҳақидаги маълумотларни тақдим этган. Мамлакат, шунингдек, бозорларга кириш бўйича икки томонлама музокараларда 31 аъзо билан фаол ҳамкорлик қилди.


"Ўзбекистон ўз миллий қонунчилигини ЖСТ қоидалари билан уйғунлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларини, жумладан, Адлия вазирлиги ҳузурида Миллий қонунчиликни ЖСТ битимлари билан уйғунлаштириш бўйича янги бўлим ташкил этиш асносида сезиларли даражада фаоллаштирди", деб ёзади манба.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш