“Financia Digital News”: 2017–2025 йилларда ТДТ мамлакатларидан Ўзбекистон иқтисодиётига 11,5 миллиард доллар инвестиция жалб этилди

Октябрь 13, 2026. 13:00 • 3 дақ

• 22
“Financia Digital News”: 2017–2025 йилларда ТДТ мамлакатларидан Ўзбекистон иқтисодиётига 11,5 миллиард доллар инвестиция жалб этилди

ИСЛОМОБОД, 13 октябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Financia Digital News” нашрида “Ўзбекистон туркий давлатлар билан иқтисодий ҳамкорликни амалий босқичга ўтказди” сарлавҳали мақола эълон қилинди деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 Нашрда таъкидланганидек, Туркий давлатлар ташкилоти бугун Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Туркия орқали Европа бозорларини боғлайдиган йирик иқтисодий ҳудудлардан бирини қамраб олмоқда. 2025 йил якунларига кўра, ТДТ мамлакатларининг умумий ташқи савдо айланмаси 1,2 трлн доллардан ошган. Ушбу кўрсаткичлар ТДТ маконидаги иқтисодий ҳамкорлик учун катта бозор мавжудлигини кўрсатади.

Мақолада Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар билан иқтисодий алоқалари атрофлича таҳлил қилинган. Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг туркий давлатлар билан иқтисодий алоқалар ташқи савдони диверсификация қилишнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди.

“2025 йилда Ўзбекистоннинг умумий ташқи савдо айланмаси 81,2 млрд долларга етди. Шундан экспорт 33,8 млрд доллар, импорт 47,4 млрд. долларни ташкил қилди. Мамлакатнинг йирик савдо шериклари қаторида Қозоғистон билан товар айланмаси 5 млрд. доллар, Туркия билан 3 млрд. долларни ташкил этди”, – деб ёзган электрон нашр.

Қозоғистон ва Туркиянинг ўзи Ўзбекистон ташқи савдосининг қарийб ўндан бир қисмини таъминламоқда. Шу билан бирга, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Венгрия билан иқтисодий алоқалар қўшилганда, ТДТ макони Ўзбекистон учун алоҳида минтақавий савдо бозори сифатида намоён бўлади.

Бундай структура икки муҳим хусусиятни кўрсатади. Биринчидан, Ўзбекистоннинг ТДТ бозорига экспорти хомашё билан чекланмайди ва унда саноат товарлари ҳамда машиналарнинг салмоғи юқори. Иккинчидан, импорт таркибида энергия ресурслари, саноат товарлари ва ускуналарнинг мавжудлиги ТДТ мамлакатлари билан савдо ички ишлаб чиқариш жараёнларига ҳам боғлиқ эканини англатади.

Шунингдек ўқинг

Шу сабабли кейинги босқичда товар айирбошлаш ҳажмидан ташқари ўзаро саноат кооперацияси даражаси ҳам муҳим кўрсаткич бўлиб боради.

Покистон ОАВ, шунингдек, савдо алоқалари билан бир вақтда ТДТ мамлакатларидан Ўзбекистонга инвестициялар оқими ҳам сезиларли ошгани ҳақида ёзган.

“2017–2025 йилларда ТДТ мамлакатларидан Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар ҳажми 11,5 млрд. доллардан ошди. Фақат 2025 йилнинг ўзида 3,8 млрд. доллар инвестиция жалб қилинган. Туркия 2,4 млрд. доллар билан ТДТ мамлакатлари орасида Ўзбекистоннинг йирик инвестори бўлган. Маблағлар асосан қайта ишлаш саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва логистикага йўналтирилган”, – дея таъкидланган.

Мақолада, ТДТ иқтисодий архитектурасидаги энг муҳим институционал ўзгаришлардан бири Туркий инвестиция жамғармасининг амалий фаолиятга ўтганидир дея урғуланган

“2025 йилда унинг устав капитали 500 млн. доллардан 600 млн. долларга оширилди. Ўзбекистоннинг улуши 100 млн. долларни ташкил этади. Жамғарманинг иқтисодий аҳамияти фақат унинг ўз капитали ҳажми билан ўлчанмайди. Асосий масала ушбу капиталдан бошқа халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш учун фойдаланиш имкониятидадир”, – қайд этган “Financia Digital News”.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш