Малайзиянинг оммабоп телеканалида Ўзбекистоннинг "Ҳаж-2025" мавсумига тайёргарлик ва Ҳаж амалларини адо этиш бўйича тажрибасига оид кўрсатув намойиш этилди
Июнь 04, 2025. 07:39 • 2 дақ
• 65
КУАЛА-ЛУМПУР, 4 май. /"Дунё" АА/. Малайзиянинг "RTM" давлат телерадиокомпаниясига қарашли "TV1" телеканалида Ўзбекистоннинг "Ҳаж-2025" мавсумига тайёргарлик ва Ҳаж амалларини адо этиш бўйича тажрибасига бағишланган кўрсатув намойиш этилди, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Мазкур кўрсатув Ҳаж мавсумида эфирга узатиладиган "Salom Baytulloh" дастури доирасида кўрсатилди.
"RTM" ижодий жамоаси билан ҳамкорликда суратга олинган кўрсатув учун берган интервьюсида Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев мамлакатимизда Ҳаж мавсумига тайёргарлик ва уни амалга оширишга давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва бошқа мутасадди вазирлик ҳамда ташкилотлар томонидан ҳар бир зиёратчининг Саудия Арабистонига учиб кетишидан тортиб, Ҳаж амалларини тўла адо этиб, юртимизга қайтиб келгунига қадар бўлган жараён пухта ишлаб чиқилганлиги айтиб ўтилди.
"Бу йилда 15,2 минг ўзбекистонлик Ҳаж зиёратини адо этмоқда. Ўзбекистоннинг 9 та шаҳридан Мадина шаҳрига парвозлар амалга оширилди. Ҳар 50 кишилик зиёратчиларга Ҳаж амалларини тўла-тўкис адо этиши учун тажрибали ва диний билимларга эга бўлган элликбошилар ва тиббиёт ходимлари бириктирилган", – дейилади дастурда.
Бундан ташқари, бўлғуси ҳожилар Ўзбекистонга қайтиб келганларидан сўнг ҳам ўз маҳаллалари ва жамоаларида намуна ҳамда ўрнак сифатида қабул қилиниши, шунингдек маҳаллий ҳокимият органлари билан яқиндан ҳамкорлик қилган ҳолда, жамиятнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида фаол иштирок этишлари қайд этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида