21–22 октябрь кунлари Самарқандда болалар фаровонлиги ва келажаги бўйича Бутунжаҳон саммити бўлиб ўтади
Сентябрь 17, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 86
ТОШКЕНТ, 17 сентябрь. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 21–22 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида болалар фаровонлиги ва уларнинг келажагига доир масалаларга бағишланган Бутунжаҳон саммити бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Invest in Children” лойиҳаси манбаларига кўра, ушбу нуфузли тадбирда дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан сиёсий етакчилар, вазирлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар, бизнес ва фуқаролик жамияти ходимлари, болалар ва ўсмирлар иштирок этади.
Саммит доирасида расмий очилиш маросими ва шўъба йиғилишлари билан бир қаторда, хорижий иштирокчиларнинг Ўзбекистондаги ижтимоий соҳа объектларига ташрифлари ҳам ташкил этилади.
Панель сессияларда болалар ва оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, болалар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва уларни зарур хизматлар билан таъминлаш, болалар саломатлиги, болалар онкологияси, эрта болалик давридаги ривожланиш ҳамда инклюзив таълим каби муҳим масалалар атрофлича муҳокама қилинади.
Мазкур анжуман доирасида II Халқаро болалар онкологияси конгресси ҳам ўтказилиши назарда тутилган.
Тадбир давомида турли мамлакатларнинг илғор тажрибаси ва замонавий ёндашувлари бир майдонда жамланиб, болалар манфаатларини таъминлашга қаратилган янада самарали тизим ҳамда амалий ечимларни шакллантириш юзасидан фикр алмашилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси