Анқарадан муносабат: Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгиланмоқда
Сентябрь 17, 2026. 17:30 • 3 дақ
• 53
АНҚАРА, 17 сентябрь. /“Дунё” АА/. Анқара инқироз ва сиёсатни ўрганиш маркази (АНКАСАМ) раиси, профессор Меҳмет Сайфеттин Эрол “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 13–16 сентябрь кунлари Жанубий Кореяга амалга оширган давлат ташрифи ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Бугунги кунда Ўзбекистон–Жанубий Корея ўртасидаги муносабатларни фақат савдо, инвестициялар ёки алоҳида иқтисодий лойиҳалар билан чеклаш керак эмас. Икки давлат ўртасида технология, саноат, таълим, кадрлар тайёрлаш ва иқтисодий ҳамкорликнинг янги йўналишларини қамраб олган бир-бирига нисбатан катта қизиқиш шаклланмоқда.
Ўзбекистон Корея Республикасининг минтақадаги энг муҳим ҳамкорларидан биридир. Мамлакат катта ички бозор, ўсиб бораётган саноат сектори ва ёш аҳолига эга. Шу билан бирга, Тошкент инвестициялар билан бир қаторда технологиялар, билим ва амалий тажрибани ўзлаштиришдан манфаатдор.
Мен иқтисодий ҳамкорлик мазмунининг ўзгаришига ҳам эътибор қаратган бўлардим. Гап тобора кўпроқ сунъий интеллект, рақамли технологиялар, замонавий ишлаб чиқаришлар, касбий таълим ва мутахассислар тайёрлаш ҳақида бормоқда.
Ўзбекистон бугунги кунда кўплаб ўхшаш вазифаларни ҳал этмоқда – саноатни модернизация қилмоқда, рақамли иқтисодиётни ривожлантирмоқда, хорижий компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Шу боис, Жанубий Корея тажрибаси Тошкент учун нафақат инвестициявий, балки технологик жиҳатдан ҳам қизиқиш уйғотади.
Шу ўринда, содир бўлаётган воқеаларни баҳолашни фақат Ўзбекистон–Жанубий Корея муносабатлари билан чекламаган бўлардим. Марказий Осиёга кенг назар ташлайдиган бўлсак, деярли барча йирик иқтисодий марказлар томонидан минтақага қизиқиш ортиб бораётгани аён бўлади. АҚШ, Хитой, Европа Иттифоқи, Россия, Туркия, Жанубий Корея, Кўрфаз мамлакатлари ва бошқа давлатлар бу ерда ҳамкорлик учун янги имкониятлар изламоқда.
Марказий Осиё давлатларининг ўзи учун бу янги имкониятлар яратади. Бу ерда минтақа мамлакатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва уларнинг қўшма ташаббусларини ривожлантиришни изчил ёқлаб келаётган Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ролини алоҳида таъкидлаган бўлардим.
Унинг раҳбарлигида Тошкент минтақавий яқинлашувни, савдо, транспорт алоқалари ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришни фаол қўллаб-қувватламоқда. Бу минтақа мамлакатларига ўз манфаатларини янада яқинроқ мувофиқлаштириш ва ташқи ҳамкорлар билан муносабатларда ўз позицияларини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Айнан шу минтақавий яқинлашув фонида “Марказий Осиё – Корея Республикаси” биринчи саммитини янги босқичнинг бошланиши деб биламан. Етакчилар даражасида бундай учрашувнинг ўтказилиши Жанубий Корея ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар янада тизимли тус олаётганидан далолат беради.
Минтақа мамлакатлари бу ерда умумий иқтисодий манфаатларга эга бўлган ва Сеул билан узоқ муддатли ҳамкорликдан манфаатдор макон сифатида намоён бўлаётгани ўта муҳимдир.
Энди кўп нарса ана шу учрашувнинг амалий аҳамиятига боғлиқ бўлади. Саммитнинг натижаси ўтказилган музокаралар ва имзоланган ҳужжатлар сони билан эмас, балки ундан кейин қандай лойиҳалар амалга оширилиши, қанча янги ишлаб чиқаришлар ташкил этилиши, минтақага қандай технологиялар келиши ва улар билан қанча ёш мутахассислар ишлаш имкониятига эга бўлиши билан белгиланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси