27 октябрь куни Тошкентда “Тоғ-кон иши, металлургия ва металлсозлик – MiningMetals Uzbekistan 2026” халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлайди
Октябрь 26, 2026. 15:30 • 5 дақ
• 105
ТОШКЕНТ, 26 октябрь. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 27–29 октябрь кунлари пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазма мажмуасида “Тоғ-кон иши, металлургия ва металлсозлик – MiningMetals Uzbekistan 2026” 20-юбилей халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур кўргазма “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси ва унинг ҳамкори “ICA Eurasia Group” ташкилотчилигида ўтказилади.
Йигирма йил – бу шунчаки юбилей санаси эмас, балки соҳанинг ривожланиши, технологик ўзгаришлар ва халқаро ҳамкорликнинг кенгайишидир. Ўзбекистон бой минерал-хомашё базасига эга мамлакат бўлиб, мустақилликка эришган дастлабки йиллардан бошлаб тоғ-кон ва металлургия саноатини ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш йўлини танлади.
Айнан шу вазифаларни амалга оширишга хизмат қилиш мақсадида “MiningMetals Uzbekistan” кўргазмаси ташкил этилмоқда. Ушбу кўргазма маҳаллий корхоналарга илғор технологиялар, халқаро тажриба ва хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилиш имкониятларини тақдим этувчи муҳим майдонга айланди. Йигирма йил давомида кўргазма кўлами кенгайиб, технологик янгиланиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишни қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Тадбирнинг аҳамияти ва долзарблиги унинг 20 йиллик тарихида яққол кўриниб турибди. Шу вақт ичида кўргазмада 41 мамлакатдан 1 723 та компания ва бренд иштирок этди ва унинг экспозициясига 79 827 нафар мутахассис ташриф буюрди.
Бугунги кунда “MiningMetals Uzbekistan” тоғ-кон, металлургия ва машинасозлик саноати вакиллари учрашадиган асосий майдонлардан бири бўлиб қолмоқда. Бу ерда компаниялар ўз ускуналари ва технологияларини намойиш этади, янги ҳамкорлар топади ҳамда бизнесни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилади. Халқаро компаниялар иштирокининг тобора ортиб бораётгани эса Ўзбекистоннинг саноат салоҳиятига бўлган қизиқиш юқори эканини ифодалайди.
Бу йилги кўргазмада Австралия, Беларусь, Германия, Испания, Канада, Корея Республикаси, Озарбайжон, Россия, Сербия, Тожикистон, Туркия, Финляндия, Хитой, Эрон, Эстония, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ҳиндистон каби 19 мамлакатдан 163 та компания ва бренд ўз ишланмаларини тақдим этади.
“MiningMetals Uzbekistan 2026” кўргазмаси экспозицияси ишлаб чиқариш циклининг асосий босқичлари – бурғулаш ва қазиб олишдан тортиб, фойдали қазилмаларни бойитиш, металлургик қайта ишлаш ҳамда ишлаб чиқаришни рақамли бошқаришгача бўлган жараёнларни қамраб олади.
Асосий эътибор ишлаб чиқариш унумдорлигини ошириш, ускуналарнинг ишончлилигини таъминлаш, энергия самарадорлигини яхшилаш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнлари хавфсизлигини кучайтиришга хизмат қилувчи технологияларга қаратилади.
Кўргазмада бурғулаш ва кончилик ишларини олиб боришга мўлжалланган ечимлар, портлатиш ишларининг замонавий технологиялари, ер ости қон лаҳимларини қазиш, рудаларни майдалаш ва бойитиш ускуналари, хомашёни ташиш ҳамда саноат корхоналарини жиҳозлаш учун мўлжалланган ускуналар муҳим ўрин эгаллайди.
Шу билан бирга, геологик моделлаштириш, карьер техникаси фаолиятини бошқариш, ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва ускуналар ҳолатини мониторинг қилиш учун мўлжалланган рақамли воситалар ҳам намойиш этилади.
Экспозициянинг алоҳида йўналишини минерал хомашёни тадқиқ этиш ва маҳсулот сифатини назорат қилишга мўлжалланган лаборатория ҳамда таҳлилий ечимлар ташкил этади. Технологик экспозицияни саноат совутиш, вентиляция ва аспирация ускуналари, шунингдек, ускуналарни коррозия ва абразив ейилишдан ҳимоя қилишга мўлжалланган материаллар ҳамда бутловчи қисмлар тўлдиради.
Кўргазманинг амалий қисмини саноат ускуналари намуналари, жумладан, турли русумдаги бурғулаш қурилмалари, материалларга ишлов бериш учун мўлжалланган лаборатория валикли пресси ҳамда саноат совутиш тизимлари тўлдиради.
Ташриф буюрувчилар намойиш этилаётган ечимларнинг конструктив хусусиятлари ва техник тавсифлари билан танишиш, шунингдек, компаниялар вакиллари билан уларни ишлаб чиқаришда қўллаш имкониятларини муҳокама қилишлари мумкин бўлади.
Кўргазма иштирокчилари орасида Ўзбекистон тоғ-кон-металлургия мажмуасининг етакчи корхоналари ва халқаро технологик компаниялар ўрин олган.
Ўзбекистон миллий стенди Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг ягона бирлаштирилган стенди шаклида намойиш этилади. Унда мамлакатимиз тоғ-кон ва металлургия саноатининг етакчи корхоналари – Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Ўзбекистон металлургия комбинати, Ўзбекистон технологик металлар комбинати ҳамда Навоийуран бирлаштирилади.
Германия анъанавий равишда миллий павильони билан иштирок этади, Туркия, Хитой ва Ўзбекистон компаниялари эса кўргазмада кенг намойиш этилади.
Халқаро экспозицияни тоғ-кон ва металлургия технологияларининг турли йўналишларига ихтисослашган компаниялар ҳам тўлдиради. Улар орасида “TAKRAF / DELKOR” (Германия) – тоғ-кон саноати ва фойдали қазилмаларни бойитиш учун ечимлар, “ORICA/ MAXAM” (Ўзбекистон) – портлатиш технологиялари, “Flender” (Эстония) – саноат юритма тизимлари, “HAVER NIAGARA” (Германия) – хомашёни қайта ишлаш учун ускуналар, “Yantai Jinpeng” (Хитой) – рудани бойитиш технологиялари, “Terex Finlay” (Қозоғистон) – майдалаш ва саралаш техникаси бор.
Бурғулаш ва тоғ-кон ускуналарини қуйидаги компаниялар намойиш этади: “Iko Machinery” (Ўзбекистон) – Komatsu техникаси, “Soosan Heavy Industries” (Корея Республикаси), “ACR Sondaj” ва “SFT Sondaj Ekipmanları” (Туркия).
Шунингдек, иштирокчилар қаторида саноат ускуналари, бутловчи қисмлар ва технологик ечимларнинг турли йўналишларини тақдим этувчи “Shanghai Shibang Machinery” (Хитой), “Remas Redüktör” (Туркия), “Yılmaz Redüktör” (Туркия), “Kırlıoğlu Kimya” (Туркия), “EMC LTD” (Австралия) ва “Powerking Corporation” (Корея Республикаси) компаниялари ҳам ўрин олган.
Рақамли ва лаборатория технологиялари, хусусан, геологик моделлаштириш, лаборатория тадқиқотлари ва таҳлилий ускуналар соҳасида фаолият юритувчи Ўзбекистоннинг “MICROMINE”, “ALS Global” ҳамда “Orionica” компаниялари ҳам ўз ишланмаларини намойиш этади.
Кўргазманинг энг эътиборга молик дебютларидан бири Ўзбекистонда ўзининг илк хорижий шўба корхонасини очган Озарбайжоннинг “AzerGold” компанияси иштироки бўлиши кутилмоқда.
Компания геология-қидирув ишлари ва минерал ресурсларни баҳолаш соҳасидаги лойиҳаларни ривожлантиришни режалаштирмоқда. Бу икки мамлакат ўртасидаги тоғ-кон саноати соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ишбилармонлик дастурининг асосий тадбирларидан бири саккизинчи бор ўтказилаётган Ўзбекистон халқаро кон-металлургия форуми – UIMF бўлади. Форум шиори – “Ресурслардан глобал имкониятлар сари”. Форум тоғ-кон ва металлургия мажмуасини ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун соҳа вакиллари ва экспертларни бирлаштиради.
Кўргазма экспозицияси ва экспертлар дастурининг уйғунлиги профессионал тажриба алмашиш, соҳадаги замонавий тенденцияларни муҳокама қилиш ҳамда ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва модернизация қилишга қаратилган ечимларни излаш учун қулай шароит яратади.
“MiningMetals Uzbekistan” ва “UIMF 2026” маҳаллий корхоналар, халқаро технологик компаниялар ҳамда соҳа мутахассислари ҳамжамияти ўртасидаги йигирма йиллик ҳамкорлик тарихини давом эттиради.
Қўшимча маълумот олиш учун “Iteca Exhibitions” матбуот хизматига мурожаат қилиш мумкин.
Teл: + (998 71) 205 18 18, E-mail: pr@iteca.uz; www.mining.uz
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси