Россия, АҚШ ва Украина ноябрь ойида Абу-Дабида ўтказиладиган музокараларга тайёргарлик кўрмоқда
Октябрь 26, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 116
КИЕВ, 26 октябрь. /“Дунё” АА/. Президент Владимир Зеленский Россия, АҚШ ва Украина ноябрь ойининг биринчи ярмида Абу-Дабида музокаралар ўтказишни режалаштираётганини маълум қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Британиянинг “Sky News” телеканалига таяниб.
Кеча Владимир Зеленский бундан аввал Россия Президенти Владимир Путин билан учрашган америкалик махсус вакиллар Жаред Кушнер ва Стив Уиткофф билан музокаралар ўтказди. Украина етакчиси дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттириш ҳамда музокаралар жараёнида Европа давлатларининг иштирок этиши зарурлигини таъкидлади.
“Режамиз – ноябрь ойининг биринчи ярмида ва, албатта, имкон қадар тезроқ учрашишдан иборат”, – деди президент АҚШнинг “Hudson Institute” таҳлилий марказида видеоалоқа орқали сўзлаган нутқида.
Владимир Зеленскийнинг таъкидлашича, Киев ҳам ўт очишни тўлиқ тўхтатишни, ҳам энергетика инфратузилмаси ва денгиз операциялари бўйича алоҳида келишувларни муҳокама қилишга тайёр. Шу билан бирга, у Украина учун ишончли хавфсизлик кафолатлари берилиши ва мамлакат армиясининг ўн йил давомида молиялаштирилишини қатъий талаб қилмоқда.
Россия томони уч томонлама музокараларни қайта тиклашга тайёрлигини тасдиқлади. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков учрашув давомида асосий эътибор тинчлик битими тузилганидан кейин Россия ва Украина хавфсизлигини таъминлаш масалаларига қаратилишини маълум қилди.
Америка томони режалаштирилаётган учрашув юзасидан ҳозирча Оқ уйнинг алоҳида расмий изоҳини тақдим этмади. Шу билан бирга, АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф Россия, Украина ва Европа вакиллари билан мулоқотлар техник даражада давом этишини билдирди.
“AFP” агентлиги сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси