Ўзбекистоннинг 38 та олий таълим муассасаси Осиёнинг энг яхши университетлари – “QS 2027” рейтингидан жой олди
Ноябрь 04, 2026. 19:00 • 2 дақ
• 11
ТОШКЕНТ, 4 ноябрь. /“Дунё” АА/. “Quacquarelli Symonds” халқаро рейтинг агентлиги “QS World University Rankings: Asia 2027” Осиёнинг энг яхши университетлари рейтингини эълон қилди ва ундан Ўзбекистоннинг 38 та олий таълим муассасаси жой олди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Таълим ва илм-фан вазирлиги маълумотларига кўра, улардан 19 таси рейтингнинг дастлабки мингталигидан жой олган бўлса, 6 таси топ-500 таликка, 2 таси эса топ-200 таликка кирди.
Ўзбекистон олийгоҳлари орасида Осиёда 113-ўринни, Марказий Осиёда 4-ўринни эгаллаган “ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университети етакчи бўлди. Ўзбекистон Миллий университети Осиё рейтингида 196-ўринни, минтақавий рейтингда эса 9-ўринни банд этди.
Энг юқори баҳоланганлар қаторидан Самарқанд давлат университети (215-ўрин), Тошкент давлат иқтисодиёт университети (255-ўрин) ва Тошкент давлат техника университети (281-ўрин) ҳам жой олди.
Ўзбекистоннинг яна 14 та олий таълим муассасаси Осиё рейтингининг 469-ўрнидан 1000-ўрнигача бўлган поғоналарида қайд этилди. Наманган, Тошкент, Урганч, Қарши, Бухоро, Фарғона, Жиззах ва Нукус олийгоҳлари шулар жумласидандир.
Мамлакатимизнинг қолган 19 та олий таълим муассасаси 1001+ ўринларни эгаллади. Улар орасида Андижон давлат университети, Марказий Осиё университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Гулистон давлат университети ва бошқа олий ўқув юртлари бор.
Вазирликнинг таъкидлашича, эришилган натижалар мамлакатимиз олий таълим тизимидаги ислоҳотлар, илм-фан ва таълим интеграцияси ҳамда халқаро ҳамкорликнинг кенгайиб бораётганини акс эттиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси