“AJP”: Ўзбекистон ва Грузия ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказмоқчи
Июль 03, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 20
СЕУЛ, 3 июль. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг “AJP” газетасида “Ўзбекистон ва Грузия ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказмоқчи” сарлавҳали мақолв инглиз ва инглиз ва корейс тилларида эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда Ўзбекистон Президентининг Грузияга расмий ташрифи ҳамда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича эришилган келишувлар ҳақида сўз юритилган.
Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон ва Грузия ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2025 йилдаги 267,6 миллион доллардан 1 миллиард долларга етказишни стратегик мақсад сифатида белгилаган. Шу билан бирга, 2017–2025 йиллар давомида икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми уч баробарга ошгани таъкидланган.
Нашр маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон экспорт таркибида мис симлари, прокат металл маҳсулотлари, электр жиҳозлари, қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тамаки маҳсулотлари муҳим ўринни эгалламоқда. Грузия эса Ўзбекистон учун Европа бозорларига чиқишда муҳим транспорт ва логистика йўналиши сифатида қаралмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Поти эркин индустриал зонасида кўп тармоқли логистика терминали қуриш лойиҳаси ва унинг Марказий Осиё ҳамда Европа ўртасидаги Ўрта йўлак имкониятларини кенгайтиришдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилган.
“Aju Press” АА хулосасига кўра, Ўзбекистон ва Грузия ўртасида тузилган қўшма ишчи гуруҳ икки давлат ўртасидаги савдо, инвестиция ва инфратузилма соҳаларидаги истиқболли лойиҳаларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси