Озарбайжондан муносабат: Ўзбекистон ва Грузия транспорт ҳамкорлигининг янги архитектурасини шакллантирмоқда

Июль 03, 2026. 08:10 • 3 дақ

98
Озарбайжондан муносабат: Ўзбекистон ва Грузия транспорт ҳамкорлигининг янги архитектурасини шакллантирмоқда

БОКУ, 3 июль. /“Дунё” АА/. “Жанубий Кавказ” сиёсатшунослар клуби раҳбари, сиёсатшунос ва таҳлилчи Илгар Велизаде “Дунё” ААга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2 июль куни Грузияга қилган давлат ташрифи юзасидан фикр билдирди:

– Ўзбекистон Президентининг Грузияга амалга ошираётган давлат ташрифи дипломатик муносабатлар ўрнатилганига ўттиз йилдан ортиқ вақт ўтгач рўй бераётган илк сафар бўлиб, бу икки томонлама муносабатлар тарихида муҳим воқеа сифатида баҳоланмоқда.

Ушбу ташриф кўлами икки томонлама кун тартибидан анча кенгдир. Моҳиятан, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида транспорт, савдо ва иқтисодий ўзаро боғлиқликнинг ягона маконини шакллантиришнинг янги босқичи бошланаётгани ҳақида сўз бормоқда.

Ташриф Ўрта йўлак минтақавий инфратузилма лойиҳасидан Евроосиё логистикасининг қайта шаклланаётган архитектурасининг асосий унсурларидан бирига узил-кесил айланган бир пайтда бўлиб ўтмоқда.

Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар, Яқин Шарқда сақланиб қолаётган беқарорлик, анъанавий денгиз йўллари учун хавфлар ва жаҳон савдосининг мажбурий диверсификацияси йирик ташқи иштирокчиларни Европа ва Осиё ўртасида юкларни етказиб беришнинг муқобил йўлларини излашга ундамоқда.

Айнан шунинг учун ҳам сўнгги йилларда Европа Иттифоқи, Хитой, Туркия, Марказий Осиё давлатлари ва халқаро молия институтлари Транскаспий халқаро транспорт йўлагига катта қизиқиш билдирмоқда.

Шунингдек ўқинг

Денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон учун Жанубий Кавказ орқали ўтадиган йўналишларни ривожлантириш стратегик аҳамият касб этади. Расмий Тошкент экспорт ва импорт логистика занжирларини диверсификация қилиш, айрим транзит йўналишларига қарамликни камайтириш ҳамда янги Евроосиё транспорт алоқаларининг асосий иштирокчиларидан бири сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлашга интилмоқда.

Бу борада Озарбайжон, унинг ортидан эса Грузия Ўзбекистон юкларининг Қора денгиз портларига ва ундан кейин Европа бозорларига чиқишини таъминловчи энг муҳим бўғин сифатида кўрилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга ташрифи ва унинг якунлари бўйича эришилиши кутилаётган келишувларни янги минтақавий шериклик тизимининг муҳим босқичи сифатида кўриб чиқиш лозим.

Амалда Қора денгиздан Фарғона водийсигача бўлган ҳудудда иқтисодий ҳамкорлик, транспорт алоқалари ва логистика тамойилларини белгилайдиган муносабатлар моделини босқичма-босқич барпо этиш учун шароит яратилмоқда.

Расмий Тошкент ўзига хос ташаббускор дипломатия услубида ҳамкорлик кун тартибини таклиф этувчи мамлакат сифатида майдонга чиқмоқда. Ўзбекистон барча қўшнилар ва ҳамкорлар манфаатларини инобатга олган ҳолда минтақавий ўзаро боғлиқлик, савдо ва транспорт интеграцияси бўйича ўз қарашларини илгари суриб, янги йўналишларни шакллантиришда иштирок этишга интилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш